Фан-техника | 17:08 / 21.09.2024
14560
2 дақиқада ўқилади

Олимлар кўзгу ёрдамида дарахтларнинг ўсишини тезлаштиришга муваффақ бўлди

Бу усул йўқолиб бораётган ўсимлик турларини сақлаб қолишга ҳам ёрдам беради.

Фото: Thomas Marler

Хона ўсимликларини парваришлашда қуёш нури етишмовчилигини кўзгулар ёрдамида осонлик билан бартараф этиш мумкин. Энди олимлар худди шу усулни ўрмонларнинг соя жойларида яшаб қолишга уринаётган ноёб дарахт кўчатларига ҳам қўллаш мумкинлигини аниқлади.

Уларнинг фикрича, айнан шу усул билан дунёдаги энг ноёб ўсимликлардан бири бўлган Serianthes nelsonii’ни сақлаб қолиш мумкин. Бу ўсимлик фақат Тинч океанидаги Гуам ва Рота оролларида учрайди. Ҳозирги кунда уларнинг атиги 122 та нусхаси қолган.

Шуниси эътиборга лойиқки, ҳар йили S. nelsonii ўнлаб, ҳатто юзлаб кўчатлар беради, аммо уларнинг барчаси қуёш нурига тўймай, бир ой ичида нобуд бўлади.

Агар бу тур лабораторияларда ўстирилса, ўзини жуда яхши ҳис қилади, ўрмонга кўчириб ўтқазилганда эса яшаб кета олмайди. Шунинг учун ушбу вазиятда ягона ечим —новдаларга сунъий эмас, имкон қадар кўпроқ табиий ёруғлик бериш.

Ушбу масала устида тадқиқот олиб бораётган Гуам университетининг профессори Томас Марлер ва унинг ҳамкасблари бу ғояни экинзорларнинг устига ёпиладиган қишлоқ хўжалиги плёнкасидан олди. Унинг ишлаши оддий: маданий ўсимликлар махсус тешиклардан ўсиб чиқади, қолган барча бегона ўтлар эса етарлича ёруғлик ололмай, нобуд бўлади. Бундан ташқари, қуёш нурларини бир жойда тўплаш учун махсус фолга материалидан тайёрланган қопламар ҳам мавжуд, аммо уларнинг нархи бир неча баробар қимматроқ.

Бироқ мутахассислар янада мураккаб йўлдан борди ва нур қайтарувчи плёнка ўрнига кўзгуларни танлади. Улар новда атрофида кичик мозаика кўринишида жойлаштирилди. Усулнинг самарадорлигини аниқлаш учун новдаларнинг ярми қуёш нурларидан панада қолдирди. Натижада, “қуёш энергияси” билан таъминланган намуналар 175 фоиз тезроқ ўса бошлади. Уларнинг яшаб қолиш даражаси эса 161 фоизга ошди.

Мавзуга оид