Ўзбекистон | 20:24 / 24.09.2024
4914
2 дақиқада ўқилади

Бектемирдан Чорвоққа борувчи йўлнинг бир қисми пулли бўлиши мумкин

Бектемир – Чирчиқ – Ғазалкент – Чорбоғ автомобил йўлининг 6−77 км қисми пулли йўлга айлантирилиши режалаштириляпти. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Туркиянинг Onur Group компанияси билан «лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва уни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олиш» юзасидан келишувга эришган.

Фото: LiveJournal

Жорий йил 20 сентябр куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарияти ҳамда Туркиянинг Onur Group компаниясининг Молдова ва Руминия давлатларидаги лойиҳалар бўйича директори Булент Татар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ИМВ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида автомобил йўллари, туннеллар қуриш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан эришилган келишувлар кўриб чиқилган.

Хусусан, ДХШ асосида 4P12 Бектемир – Чирчиқ – Ғазалкент – Чорбоғ қўрғони автомобил йўлининг 6–77 км қисмини асфалт-бетон қоплама билан реконструкция қилиб, пулли йўлга ўтказиш лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб борилган. Учрашув якунида томонлар лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва уни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олиш юзасидан келишувга эришди.

Автомобил йўллари қўмитаси матбуот хизматининг Gazeta.uz’га маълум қилишича, транспорт вазирлиги ушбу пулли йўл учун ҳали тендер ўтказмаган. Вазирлик ушбу компания таклифлари кўриб чиқилганини ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ҳали ишлаб чиқилмаганини маълум қилди. Шундан сўнг тендер ўтказилади ва лойиҳа пудратчиси аниқланади, дея билдирган вазирлик.

Маълумот учун, Onur Group Туркия, Украина, Хорватия, Тунис, Молдова, Саудия Арабистони, Уммон, Қатар, Экваториал Гвинея ва Туркманистон каби 13 давлатда қурилиш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириб келади.

Мавзуга оид