Жаҳон | 19:28 / 24.09.2024
8518
3 дақиқада ўқилади

Сайёҳлар туфайли Йеллоустоун боғидаги машҳур булоқнинг ранги бузилди

АҚШдаги Йеллоустоун миллий боғининг энг машҳур геотермал булоқларидан бири кўп йиллар давомида сайёҳлар томонидан ташланган танга ва чиқиндилар сабаб ўз рангини ўзгартирди.

Фото: stock.adobe.com

Илгари тиниқ кўк рангда бўлган Морнинг-Глори-Пул кўли лойқаланиб, ўзининг ёрқин тусини йўқотди. Бу ҳақда New York Post нашри хабар бермоқда.

Шакли ва ранги жиҳатидан печакгулга ўхшагани туфайли кўлга шундай ном берилган. Булоқ сувидан ҳосил бўлган ушбу кўл, дастлаб, тўқ кўк суви билан ташриф буюрувчиларини ҳайратга соларди.

Аммо сайёҳлар табиатни муҳофаза қилиш қоидаларига эътибор бермай, анчадан буён унга турли нарсаларни ташлаб келган. Миллий боғ тарихчиси Алисия Мёрфининг таъкидлашича, кўпчилик гейзерларнинг (вақти-вақти билан отилиб турадиган иссиқ булоқ) ишлаш тизимини тушунмасдан, сувга бирор нарса ташлаш орқали гейзер отилишини юзага келтириш мумкин деб ўйлаган.

Сув рангининг ўзгариши ундаги ҳароратнинг совишига ҳам боғлиқ, бу ҳолат кўлнинг бегона нарсалар билан ифлосланиши натижасида юзага келган. Сувда ҳавзанинг рангини ўзгартирадиган бактериялар кўпая бошлаган. Нисбатан совуқроқ термал булоқлар айнан бактерияларнинг ўсиши туфайли бошқа рангга кириши мумкин.

Боғ маъмурияти сув ҳавзасини тозалашга бир неча бор уринди. Ходимлар ҳавза тубидан юзлаб тангалар, тошлар ва бошқа нарсаларни чиқариб олди. Бунинг учун ўт ўчириш машиналари ёрдамида кўлдаги сув бутунлай сўриб олинган, одамлар эса махсус тўрлар билан чиқиндиларни йиққан.

Маълум қилинишича, сўнгги пайтларда ташриф буюрувчилар боғ табиатига кўпроқ эътибор қаратиб, сув ҳавзаларига нарса ташлашни камайтирмоқда.

Яқинда АҚШнинг Ню-Мексико штатидаги “Карлсбад ғорлари” миллий боғида сайёҳлардан бири Катта ғорга маккажўхорили чипс солинган пакетни тушириб юборганди, оқибатда кичик экологик фалокат юзага келди.

Намликда юмшаган маккажўхори микроб ва замбуруғларнинг кўпайиши учун қулай муҳитга айланган. Тез орада ғор чигирткалари, каналар, ўргимчаклар ва пашшалар вақтинчалик озиқ занжирини шакллантирган. Бутун ғор бўйлаб микроорганизмлар ва янги моддалар тарқалди, бу эса моғор пайдо бўлишига олиб келди. Оқибатда, айрим маҳаллий жонзотлар нобуд бўлди. Миллий боғ ходимлари ғорни тозалашди, аммо келгусида ҳудудга озиқ-овқат олиб киришни тақиқлаб қўйди.

Мавзуга оид