Жаҳон | 09:30 / 26.09.2024
5760
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Киев «Шимолий оқим»даги портлашни урушдан олдин ҳам муҳокама қилган

Болтиқ денгизидаги газ қувурига қарши диверсия ғояси Россия босқинидан бир неча йил олдин пайдо бўлган, деб ёзади Der Spiegel. Унга кўра, диверсия учун 300 минг доллар сарфланган.

Фото: Swedish Coast Guard/AP/dpa/picture alliance

«Шимолий оқим» газ қувурига қарши қаратилган операция Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли урушидан бир неча йил олдин ўйлаб топилган, деб ёзади Германиянинг Der Spiegel ҳафталик нашри «ўз маълумотларига» таяниб. 2022 йил февралида Россия босқинидан сўнг Киевда Болтиқ денгизида қўпорувчилик қилишга тайёргарлик янада қизғинлашди, деб ёзади нашр 25 сентябр, чоршанба куни номаълум манбаларга таяниб.

Унга кўра, биринчи босқичда Украина Қуролли Кучларининг ўша пайтдаги бош қўмондони Валерий Залужнийга бўйсунган гуруҳ 100 метргача чуқурликда ишлашга қодир ва жиддий ҳаракат қилишга тайёр ғаввосларни қидирган. «Шимолий оқим 1» ва тугалланган «Шимолий оқим 2» га қарши операцияни режалаштиришни Украина махсус хизматларининг собиқ ходими Роман Червинский амалга оширган ва уни амалга оширишга раҳбарлик қилган.

Журналистлар диверсантларни аниқлашга муваффақ бўлишди

Der Spiegel деярли икки йил давом этган журналистик суриштирувга таяниб қайд этишича, Червинский жамоани йиғган, уни ўқитган ва топшириққа юборган. Бундан ташқари, диверсион гуруҳ таркибига кирган ғаввосларнинг деярли барчаси тинч аҳоли вакиллари эди.

Журналистларнинг хабар беришича, улар диверсияга алоқадор бир неча кишини аниқлашга муваффақ бўлишган, уларнинг исмлари ҳали ошкор қилинмаган. Нашр сиёсий қотилликларда иштирок этган Россия махсус хизматлари нишонига айланмаслик учун эркаклар ва бир аёлнинг исмини айтмасликка қарор қилди.

Операцияга деярли 300 минг доллар сарфланган

Der Spiegel маълумотларига кўра, операция қиймати деярли 300 минг долларни ташкил этган, у хусусий манбалардан олинган. Нашр, шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситаларининг диверсия Валерий Залужний томонидан маъқуллангани ҳақидаги маълумотларини тасдиқлайди. Шу билан бирга, унинг ўзи ҳам, диверсантлар гуруҳи ҳам бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленскийга хабар бермаган.

Аввалроқ The Wall Street Journal Германия ва Полша ўртасидаги «Шимолий оқим» портлашларини текшириш билан боғлиқ можаро ҳақида хабар берган эди. Берлин қўпорувчиликка алоқадорликда гумон қилинаётган украиналикни қўлга олишга эриша олмайди, деб ёзади нашр. Полшанинг юқори мартабали амалдорларидан бири ўзининг немис ҳамкасбига қувур йўқ қилинишида рол ўйнаган ҳар қандай потенциал гумондорлар «ҳибсга олинмасдан, медаллар билан тақдирланиши керак деди», деб таъкидлади WSJ.

«Баъзи немис терговчилари ва сиёсатчиларининг таъкидлашича, Полша расмийлари атайлаб терговни издан чиқаришга уринган. Ўтган йили ҳам Полша расмийлари Полша портларидан биридаги яхтанинг видеокузатув камераларидан тасвирини тақдим этишдан бош тортган эди. Полша ички хавфсизлик хизмати ABW бу даъволарни рад этди ва бундай ёзувлар мавжуд эмаслигини айтди», деб таъкидлайди нашр.

Мавзуга оид