Жаҳон | 09:40 / 27.09.2024
2000
2 дақиқада ўқилади

Лондон Россиянинг СТГ секторига қарши санкцияларни кенгайтирди

Британия Россиядан суюлтирилган газни ташиш билан боғлиқ санкциялар рўйхатига яна икки компания ва бешта кемани қўшди. Шу билан бирга, янги ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланилди, дея кўрсатди Лондон.

Фото: Getty Images

Британия Россиянинг суюлтирилган табиий газ (СТГ) экспортига қўшимча санкциялар киритди. 26 сентябр, пайшанба куни Лондон Россия СТГсини ташиш билан шуғулланувчи бешта кема ва икки компанияни қора рўйхатга киритди. Британия ҳукумати тўғридан тўғри суюлтирилган газ ташувчи кемаларга нисбатан санкциялар қўллаш учун янги қонуний вариантлардан фойдаланаётганини айтди.

Янги чоралар «Арктик СПГ 2» лойиҳасига қарши қабул қилинган санкцияларни давом эттирмоқда

Лондонда таъкидланганидек, янги чоралар Россиянинг «Арктик СПГ 2» суюлтирилган газ етказиб бериш лойиҳасига нисбатан илгари қабул қилинган санкцияларга асосланади, улар Европа Иттифоқи ва АҚШ билан биргаликда жорий этилган. «Бу лойиҳа кейинчалик ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлди», — дейилади баёнотда. Янги санкциялар «Россияда энергия ишлаб чиқариш келажаги учун муҳим бўлган лойиҳаларга» қаратилган, деб тушунтирди Британия ҳукумати.

Санкциялар рўйхатига White Fox Ship Management ва Ocean Speedstar Solutions OPC компаниялари, шунингдек, Asya Energy, Pioneer, North Sky, SCF La Perouse ва Nova Energy кемалари киради.

«Соядаги флот»га қарши санкциялар

Сентябр ойида Британия Ғарбнинг Россия нефт экспортига қўйган чекловларини четлаб ўтиш учун ноқонуний усуллардан фойдаланадиган «соядаги флот» деб аталадиган 10 та кемага ҳам санкция қўйди.

Россиянинг «Арктик СПГ 2» лойиҳасига қарши санкциялар сентябр бошида кенгайтирилган эди. Қора рўйхатга киритилган компаниялар Gotik Energy Shipping Co (Gotik) ва Plio Energy Cargo Shipping OPC PVT LTD  (Plio Energy), шунингдек, лойиҳа томонидан ишлаб чиқарилган суюлтирилган газни экспорт қилишга уринишлар билан боғлиқ иккита СТГ танкери бўлди.

Мавзуга оид