Жаҳон | 00:21 / 27.09.2024
3242
2 дақиқада ўқилади

Полша суди жосусликда айбланган украин ва беларусга ҳукм ўқиди

Айбланувчилар 2023 йилнинг январидан мартига қадар Украинага юборилган ҳарбий ва гуманитар ёрдамлар ташилган темирйўлларга видеорегистраторлар ўрнатган.

Фото: Global Look Press

Полшадаги Люблин суди Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланган 23 ёшли Украина фуқароси Максим Л. ҳамда 30 ёшли Беларус фуқароси Владислав П.га нисбатан ҳукм чиқарди.

Украиналик йигит, шунингдек, каннабис сақлагани учун ҳам айбланган. Унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 15 минг злота (3900 доллар) миқдорида жарима жазоси тайинланган. Максим Л. ўз айбига иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирган. Беларус фуқароси эса 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 10 минг злота (2600 доллар) миқдорида жарима белгиланган.

Тергов версиясига кўра, айбланувчилар 2023 йилнинг январидан мартига қадар Украинага юборилган ҳарбий ва гуманитар ёрдамлар ташилган темирйўлларга видеорегистраторлар ўрнатган. Улар ўтган йилнинг март ва август ойларида Полшанинг турли ҳудудларида қўлга олинган бўлиб, судга қадар ҳибсга сақланган.

Айбланувчилар аъзо бўлган гуруҳнинг вазифаси аэропортлар, темирйўл вокзаллари, денгиз портлари, механик заводи ва ҳарбий қисмлар, шунингдек, Полша-Украина чегарасидаги назорат ўтказиш пунктларини кузатишдан иборат бўлган. 

Прокуратура айбловида келтирилишича, гуруҳ фаолиятини Telegram орқали Андрей исмли шахс бошқарган. Айнан у ҳарбий транспортлар ортилган поездни релсдан чиқариб юборишни режалаштирган ва буни 10 минг долларга бажарадиган ижрочини қидирган. Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзоларига турли ёрлиқларни ёпиштирганлик учун 5 доллардан, камералар ўрнатганлик учун эса 300-400 доллардан пул тўлашган. Тўловлар криптовалюта орқали амалга оширилган.

Мавзуга оид