Ўзбекистон | 11:30 / 01.10.2024
23993
3 дақиқада ўқилади

Аграр университет ҳудудидаги ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Ёнғин университет биноларига жиддий зарар етказган.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудида содир бўлган ёнғин ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов хабар берди.

30 сентябр куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди. Университет матбуот хизмати ёнғин университет ҳудудидаги Ўрмон хўжалиги агентлиги биносида содир бўлганини маълум қилганди.

«Университет биноларидан бирида содир бўлган деб таъкидланаётган ёнғин айнан Ўрмон хўжалиги агентлиги жойлашган бинонинг том қисмида содир бўлган», — таъкидлади университет матбуот хизмати. Ушбу пост бироз вақтдан кейин университет Telegram-каналидан ўчирилди.

Ўз навбатида, Ўрмон хўжалиги агентлиги ёнғин агентлик биносида содир бўлганини рад этди.

«Ўрмон хўжалиги агентлиги биноси ёниб кетди, дея айрим ижтимоий тармоқларда берилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тўғри, сув пуркалиши эвазига бинонинг том қисмига қисман зарар етган, лекин бу ҳам айтарли даражада эмас», — дея агентлик изоҳини келтирган ЎзА.

Агентлик биноси катта талафот кўрмагани, ёнғин чиққан университет биноларига эса бирмунча зиён етказилгани қайд этилган.

«Айни пайтда мутахассислар гуруҳи воқеа жойида иш олиб бормоқда. Тез орада ёнғин келиб чиқиш сабаблари, ёнғин асли қаердан бошлангани, етказилган зиён, асл ҳолат ҳақида батафсил маълумот берилади», — дейилади хабарда.

ФВВ матбуот хизматига кўра, 30 сентябр куни соат 20:10 да Тошкент давлат аграр университети ҳудудидаги бинода ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.

Ёнғин-қутқарув экипажлари соат 20:17 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 21:36 да қуршаб олинган ва соат 22:10 да батамом ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Ёнғинни бартараф этиш жараёнини Фавқудодда вазиятлар вазири генерал-майор А.Х.Қўлдошев бевосита жойидан бошқариб борган.

Мавзуга оид