Жаҳон | 21:22 / 01.10.2024
10133
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов Германия судида яна бир бор ютиб чиқди

Бу сафар суд унинг Халқаро қиличбозлик федерацияси ҳакамларига пора бергани ҳақидаги маълумотларни тарқатишни тақиқлади.

Фото: Getty Images

Германиянинг Ҳамбург шаҳри суди россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) ҳакамларига пора бергани ҳақидаги маълумотларни тарқатишни тақиқлади. Аввалроқ шу мазмундаги хабар ARD телеканали эфирида янграган эди.

Суд қарорига кўра, бу маълумот ишончсиз деб топилди ва «шубҳага асосланган номақбул хабарлар» сифатида тавсифланди. Агар жавобгар суд буйруғини бузса, бундай қоидабузарлик учун 250 минг евро жаримага тортилади ёки қамоққа олинади.

Усмоновнинг адвокатлари шу йилнинг август ойида ARD телеканали томонидан эълон қилинган иккита мақола ва ҳисобот юзасидан судга мурожаат қилган эди. Уларда телеканал журналисти олигархни ҳакамларга пора бериш тизимини яратишда айблаган. Усмонов FIE президенти лавозимида 2022 йил бошигача, унга қарши Ғарб санкциялари жорий қилинган вақтгача ишлаган. Халқаро қиличбозлик федерациясининг амалдаги раҳбарияти бу маълумотларнинг ҳақиқийлигини расман рад этди.

Усмонов Европа судларида ўзини муваффақиятли ҳимоя қилмоқда. Аввалроқ, март ойида Ҳамбург суди Forbes нашрига олигарх Владимир Путиннинг «яқин одами» эканлиги ва «унинг бизнес муаммоларини ҳал қилгани» ҳақида маълумот тарқатишни тақиқлаган эди. Шу билан бирга, кейинчалик, унинг адвокатлари Германия Федерал жиноят полицияси бошқармаси ва швед иқтисодчиси Андерс Ослундни Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳақидаги твитларини ўчиришга эришгани маълум бўлди.

Мавзуга оид