Ўзбекистон | 19:38 / 02.10.2024
65369
5 дақиқада ўқилади

Октябрда қандай об-ҳаво кутилаётгани маълум қилинди

Ўзбекистонда октябр ойи илиқ об-ҳаво билан бошланади, 5 октябрдан эса ҳарорат фони пасая бошлайди, ёмғир ёғади. Ой давомида ҳарорат кечалари +8…+15, кундуз кунлари +15…+28 даража атрофида бўлади. Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда бу йил октябр илиқ об-ҳаво билан бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Иқлимий хусусиятларга кўра, октябр ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати сентябр ойига нисбатан 6–7 даражага, республика шимолида 8–9 даражага паст бўлади. Ҳудуднинг катта қисмида ойнинг биринчи ярмида ҳарорат кечалари +8…+11 даражани, иккинчи ярмида эса +2…+7 даражани ташкил этади.

Кундузги ҳарорат одатда +23…+28 даражадан (энг илиқ даврларда +33…+35 даража қийматларига етади) +10…+15 даражагача ўзгариб туради.

«Албатта, ҳар йили табиат об-ҳаво шароитларига ўз тузатишларини киритади ва баъзида ҳақиқий ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматлардан (иқлим меъёри) сезиларли даражада фарқ қилади. Шундай қилиб, октябр ойида, айниқса, ойнинг иккинчи ярмида, баъзида биринчи кузги совуқлар кузатилади», дейилади ҳисоботда.

Метеорологик кузатувларнинг 150 йилдан ортиқ тарихи давомида ҳарорат кечалари –6…–11 даражагача, шимолда –10…–15 даражагача, Устюртда –22 даражагача пасайган йиллар кузатилган. Тошкентда октябр ойида минимал ҳарорат рекорди –11,2 даражани ташкил этган, у 1909 йилда қайд этилган эди.

Бундай паст ҳаво ҳарорати фақат ўтган асрда кузатилган. Ушбу асрда октябр ойидаги ҳарорат 2–4 даража совуқдан пастга тушмади. Фақат республиканинг шимолида 2014 ва 2016 йилларда ҳаво ҳарорати –6…–11 даража совуққача пасайди, Устюртда –15 даража совуқ бўлди.

Минимал ҳарорат рекордларидан фарқли, Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида максимал ҳарорат рекордлари шу асрда ўрнатилди.

Республика ҳудудининг катта қисмида метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун октябр ойидаги энг юқори ҳарорат кўрсаткичлари +37…+38 даражани, шимолда ва Фарғона водийсида +32…+35 даражани ташкил этди.

Иқлим меъёрига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида октябр ойида 4 кундан 6 кунгача, тоғларга яқинроқ 7–9 кунгача, республиканинг энг чекка жанубида 1 кундан 3 кунгача ёмғир ёғади. Жуда кескин совуқ даврларда камдан кам ҳолатлар (ҳар 8–10 йилда бир марта) ёмғир қисқа муддатга қорга айланиш кузатилган.

Баъзи йилларда ойига ёғингарчилик бўлган кунлар сони 2–3 кундан ошмайди ва жуда камдан кам ҳолларда қатор ҳудудларда ёғингарчилик умуман кузатилмаган октябр ойлари ҳам кузатилган.

Кўп йиллик давр учун ўртача ёғингарчилик миқдори 13 миллиметрдан 25 миллиметргача, тоғларда 27 миллиметрдан 70 миллиметргача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 3 миллиметрдан 11 миллиметргачани ташкил этади.

Синоптикларнинг билдиришича, ҳарорат жиҳатидан октябр ойи ёғингарчилик ёғиши тартиби ва миқдори бўйича турли хил бўлади.

Ушбу асрда Ўзбекистон ҳудуди бўйича 2015 йил октябр ойи ёмғир энг кўп кузатилган йил бўлди. Тошкентда ойлик ёғингарчилик миқдори 88 миллиметрни (ойлик меъёрдан деярли 4 баравар кўп) ташкил эди, бунда 3 кун давомида 62 миллиметр бўлди. Октябр ойида максимал ойлик ёғингарчилик миқдори кузатувларнинг барча даври учун 126 миллиметрни ташкил этди, у 1901 йилда қайд этилди.

Худди шу даврда (2001–2023) 2020 йил октябр ойи энг қуруқ бўлиб, ҳудуднинг катта қисмида ой давомида қуруқ об-ҳаво сақланиб турди.

Бу йил октябрь қандай бўлади?

2–4 октябр кунлари ҳарорат кечалари +13…+18 даражагача, кундуз кунлари +26…+31 даражагача кўтарилади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди.

Ёмғир фақат 2 октябр куни Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида ва 3–4 октябр кунлари республика шимолида ва чўл ҳудудларида ёғади.

Республика бўйича 5 октябрдан 10 октябргача ҳарорат фони пасаяди. Ушбу даврда ҳаво ҳарорати асосан кечалари +8…+13 даража, кундуз кунлари +21…+26 даража бўлади. Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида 5–6 октябр кунлари баъзи жойларда ёмғир ёғади. 7–10 октябрда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади.

Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +10…+15 даражадан 0…+5 даражагача, кундуз кунлари +23…+28 даражадан +15…+20 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Октябр ойининг учинчи ўн кунлигида айрим ҳудудларда тупроқда ва ҳавода совуқлар кузатилиши мумкин.

Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларининг айрим кунларида (ўн кунликда 1–3 кундан) баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғларда қорга айланади.

Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид