Иқтисодиёт | 16:20 / 04.10.2024
1247
2 дақиқада ўқилади

AUIC Ўзбекистонда Германия лойиҳаларини молиялаштиришга тайёр

Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Azerbaijan Uzbek Investment Company бош директори маслаҳатчиси Заур Бек ва Германиянинг Compound Building System қурилиш компанияси вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Azerbaijan Uzbek Investment Company (AUIC) 2023 йилда ташкил этилган хусусий инвестиция компанияси саналади. Унинг устав капитали 500 миллион АҚШ долларига тенг.

Compound Building System (CBS HOME) компанияси экологик тоза қайта ишланган ва қуйма материаллардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун юк кўтарувчи конструкцияларни ишлаб чиқариш бўйича инновацион технологияларни таклиф этади. Компания маҳсулотлари 100 дан ортиқ мамлакатларда патентланган. Корхона, шунингдек, дастурчилар, архитекторлар, муниципалитетлар ва жисмоний шахслар учун хизматларни тақдим этади.

AUIC Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилиши кўзда тутилган немис истиқболли лойиҳаларини молиялаштиришга тайёрлигини билдиради. Шу муносабат билан компания вакилига қатор инвестиция лойиҳалари тақдим этилди.

Учрашувда пўлат ва қуйма бетондан конструкцияларни ишлаб чиқариш заводи қурилиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Лойиҳанинг тахминий қиймати 15 миллион еврони ташкил қилади.

Музокаралар чоғида Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва сервис марказларини барпо этиш соҳасидаги лойиҳалар ҳамда илғор ташаббусларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар ишчи алоқаларни давом эттириш ва танланган лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича алоҳида музокаралар ўтказишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Шу йилнинг октябр-ноябр ойларида Ўзбекистонга икки компания делегацияларининг биргаликдаги сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид