Шимолий Корея «янги давр» бошланганини эълон қилди
КХДР Жанубий Кореяга бўлган муносабатини чинакам фундаментал қайта кўриб чиқишни бошлагани ва бу маълум ташвишларни келтириб чиқариши таъкидланмоқда.
Хитой ва Шимолий Корея етакчилари дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 75 йиллигини нишонлаш чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ваъда беришди. Бу ҳақда Пхенян баёнотига таяниб, Reuters хабар берди.
Си Жинпинг Хитой ва КХДР ўртасидаги муносабатларнинг «катта аҳамиятини» таъкидлаб, Пекин қўшниси билан муносабатларда «янги саҳифа ёзишга» тайёрлигига ишонтирди. Ўз навбатида Ким Чен Ин «янги давр талаб қилганидек» Хитой билан ҳамкорликни ривожлантиришга «собит интилишга» ваъда берди.
«Янги давр» деганда айнан нимани назарда тутаётгани аниқланмаган. Бироқ, Reuters ахборот агентлигининг қайд этишича, КХДР Жанубий Кореяга бўлган муносабатини чинакам фундаментал қайта кўриб чиқишни бошлаган ва бу маълум ташвишларни келтириб чиқаради.
Шимолий Корея конституциясини Жанубий Корея билан тинч йўл орқали бирлашиш мақсадини олиб ташлаш учун қайта кўриб чиқиши кутилмоқда. Шунингдек, икки Корея ўртасидаги чегара мақомини қайта белгилаш кўзда тутилган. Пхенян душанба куни тузатишларни муҳокама қилиш учун парламент йиғилишини чақиради.
Мутахассисларнинг фикрича, буларнинг барчаси яриморолда кескинликнинг кучайишига олиб келиши мумкин. Январ ойида Ким Чен Ин конституцияни ўзгартиришга чақирган, Жанубий Кореяни «асосий душман» сифатида кўрсатилишини таклиф қилган эди. Шунингдек, Шимолий Корея агар уруш бошланса, Жанубий Кореяни «ишғол қилиш, бўйсундириш ва қайтаришни» режалаштириши кераклиги айтилди.
Жанубий Корея Гюнгнам университетининг Шимолий Корея бўйича профессори Лим Юл-Чулнинг фикрича, Пхенян яриморолни куч билан бирлаштиришга уринишда ўзининг ядровий қуролига таяниши мумкин.
Мавзуга оид
19:15 / 23.12.2024
КХДР Россия—Украина урушида мингдан ортиқ ҳарбийсидан айрилгани маълум қилинди
09:12 / 23.12.2024
Украина: Россия КХДР аскарларига сохта ҳужжатлар беряпти
16:31 / 18.12.2024
Исёнда айбланаётган Жанубий Корея президенти полиция сўроқига келмади
13:51 / 18.12.2024