Ўзбекистон | 13:45 / 09.10.2024
21528
2 дақиқада ўқилади

Бухорода болалар ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчисига ҳукм ўқилди

Судда ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузган ва икки нафар ўқувчининг ўлимига сабабчи бўлган деб топилган.

Бухоро вилояти Когон туманида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ЙТҲ содир этган ва болалар ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчисига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар бермоқда.

Мазкур ЙТҲ 2024 йил 18 март куни содир бўлганди. Когон туманидаги чорраҳада светофор ишламай турган вақтда болаларни олиб кетаётган автобус ҳайдовчиси иккинчи даражали йўлдан келаётганига қарамасдан ҳаракатни давом эттирган.

Шу пайтда асосий йўлдан келаётган бетон ташувчи юк автомобили унга зарб билан урилган ва ҳар икки транспорт воситаси ағдарилган.

Ҳодиса оқибатида Когон туманида 5-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг икки нафар ўқувчиси ҳалок бўлган. Бошқалари турли даражада тан жароҳатлари олган.

Ўшанда бир нечта автобус болаларни Бухоро шаҳридаги драма театрига олиб бораётган бўлган ва қўпол қоидабузарлик ортидан уларнинг бири ЙТҲга учраган.

Йўлда болалар автобус ҳайдовчисидан бир неча марта секинроқ юришни сўраган. Бироқ у бу сўровларни эътиборсиз қолдирган ҳолда қоидаларни бузиб ҳаракатланишда давом этган.

Маълум қилинишича, олиб борилган тергов ҳаракатларида автобусни бошқарган ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ҳалокатга сабабчи бўлгани аниқланган.

Когон шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилган.

Суд 33 ёшли айбланувчини 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Мавзуга оид