Жаҳон | 23:06 / 09.10.2024
7888
2 дақиқада ўқилади

Turkish Airlines учувчиси парвоз вақтида вафот этди

Иккинчи учувчи самолётни Ню-Йоркда жойлашган Жон Кеннеди номидаги аэропортда фавқулодда қўндирган.

Фото: Shutterstock

Turkish Airlines авиакомпаниясининг учувчиси парвоз вақтида вафот этди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Қайд этилишича, самолёт 8 октябр куни соат 19:00 ларда Сиэтлдан ҳавога кўтарилган. Парвоз вақтида 59 ёшли Илчехин Пехливан ҳушини йўқотган, шундан кейин экипаж унга тиббий ёрдам кўрсатишга уринган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Шунда иккинчи учувчи Ню-Йоркда жойлашган Жон Кеннеди номидаги аэропортда фавқулодда қўниш учун рухсат сўраган. Йўловчилар Истанбулга бошқа рейс билан жўнатиб юборилган.

Авиакомпаниядагиларнинг маълум қилишича, Пехливан мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтиб келган, аммо шифокорлар унинг соғлиғида бирор муаммо борлигини аниқламаган. Учувчи охирги марта тиббий кўрикдан жорий йилнинг март ойида ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Москванинг Домодедово аэропортидан ҳавога кўтарилиш вақтида ҳушини йўқотган, Германия авиацияси самолёти экипажи сардори вафот этганди. 2017 йилда эса Абу-Даби шаҳридан Амстердамга парвозни амалга ошириш вақтида БААнинг Etihad Airways авиакомпанияси учувчиси вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид