Жаҳон | 21:07 / 14.10.2024
4822
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Ўзбекистонга Россия гази транзитини оширишга тайёрланмоқда

Мамлакатда «Марказий Осиё – Марказ» тизимини модернизация қилиш ишларига тайёргарлик бошланган.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон Ўзбекистонга Россия гази транзитини ошириш ишларига тайёргарликни бошлади. Бу ҳақда QazaqGaz бошқаруви раиси Санжар Жаркешов президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга ҳисобот берди.

Tengrinews хабарига кўра, президентга йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг бориши, транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича берилган топшириқлар ижроси ҳақида маълумот берилган.

Санжар Жаркешов сўзларига кўра, «Марказий Осиё – Марказ» тизимини модренизация қилиш ишларига тайёргарлик бошланган. Бу Ўзбекистонга Россия гази транзитини кўпайтириш мақсадида амалга оширилади.

Шу билан бирга, «Олмаота-Байсерке-Талгар» газ қувурининг иккинчи линияси ва Олмаота шаҳридаги 2-ИЭС ва 3-ИЭС газ инфратузилмаси қурилиши якунлангани, Толдиқўрғон – Ушарал янги магистрал газ қувури қурилиши бошлангани ҳақида ҳисобот берилган.

Аввалроқ, Россиянинг «Газпром» компанияси Марказий Осиё минтақасига газ етказиб беришни икки баробарга оширгани ҳақида хабар берилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Устюртдаги геологик ишлар кутилганидек бўлмаса, Ўзбекистонга хориждан газ импорт қилиш 2030 йилга бориб 10-11 млрд кубметрга етиши мумкинлиги ҳақида айтган эди.

Мавзуга оид