Ўзбекистон | 19:05 / 14.10.2024
67868
5 дақиқада ўқилади

Собиқ ИИБ ходими умрбодга ҳукм қилинди. У уч кишини ўлдирган

2024 йил 26 апрел куни тунда Сирдарё тумани Зиёкор маҳалласидаги уйларнинг бирида ёнғин содир бўлган. Қўни-қўшнилар сезиб қолгани сабабли ёнғин катта талафот келтирмайди. Бироқ ёқиб юборилган уйдан уч кишининг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилади. Бу шу уйда яшовчи аёл, унинг 12 ёшли ўғли ва кекса онаси эди. Орадан бир кун ўтиб ушланган қотил собиқ ИИБ ходими бўлиб чиқди.

Фото: Kun.uz

Сирдарё туманида ўзига олдиндан таниш бўлган аёлни пилка ёрдамида, унинг ёш фарзанди ва кекса онасини эса бўғиб ўлдирган ҳамда жиноят изини йўқ қилиш мақсадида марҳумлар мурдаси ётган хоналарни ёқиб юборган шахсга ҳукм ўқилди. Қотиллик қурбони бўлганлар – аёл 39, ўғли 12 ва онаси 73 ёшда бўлган.

Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, жиноятни 1989 йилда туғилган Мухтор Шарафбаев содир этган. У 2022 йил январ ойидан Сирдарё вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ махсус қабулхона навбатчилик қисми инспектори лавозимида ишлаб келган ва 2023 йил декабр ойида ўз аризасига асосан лавозимидан озод қилинган.

Мухтор Шарафбаев оилали бўлишига қарамай, 2017 йил куз фаслида фуқаро Э.Камарова билан танишиб, у билан яшаб келган. 2024 йил 26 апрел куни соат 23:00 ларда Э.Камарованинг яшаш уйига борган Шарафбаев дераза орқали унинг ётоқхонасига кирган. Эркак ва аёл жинсий алоқадан сўнг суҳбат давомида тортишиб қолган. Юзага келган келишмовчиликдан собиқ инспектор хонада стул устида турган ўткир тиғли пилкани (аёллар тирноғини текислайдиган мослама) олиб, Э.Камарованинг бўйин, жағ ва пешона соҳаларига бир неча маротаба урган. Бунинг оқибатида аёл воқеа жойида вафот этган.

Шовқиндан хонага Камарованинг вояга етмаган фарзанди Х.Алмамедов кириб келган. Мухтор Шарафбаев болани диванга ётқизиб, ёстиқ билан бўғиб ўлдирган. Қотилнинг навбатдаги қурбони қўшни хонада ухлаб ётган кекса ёшдаги Н.Қўлдошева, яъни Э.Камарованинг онаси бўлган: у ҳам жиноятчи томонидан ёстиқ ёрдамида бўғиб ўлдирилган.

Шундан сўнг жиноятчи хонадан стол устида турган Redmi-12 телефон аппаратини яширин равишда қўлга киритиб, жиноят изини яшириш мақсадида мурдалар ётган икки хонани ёқиб юборган. Ўзи эса уйдан чиқиб кетган.

Мухтор Шарафбаев судда айбига иқрор бўлган.

2017 йил куз фаслида Сирдарё тумани Малик чорраҳасининг ёнидаги “Қурбон” номли чойхонада официант бўлиб ишлаб келган Э.Камарова билан танишдим. Шундан сўнг у билан бирга никоҳсиз яшаб келдим. ИИБ тизимига ишга кирганимдан сўнг Э.Камарова ва унинг онаси Н.Қўлдошева тинимсиз устимдан ариза ёзаверди. Шу сабабли менга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланди. 2023 йил декабр ойида ўз хоҳишим билан ариза ёзиб бериб, ишдан ҳам бўшадим.

Э.Камарова доимо мени рашк қилиб, жанжал чиқарарди. Спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда қўнғироқ қилиб, ҳар хил уятли сўзлар билан ҳақорат қиларди.

Шу сабабли Э.Камарова билан тинч қўйиш масаласида гаплашиш мақсадида 26 апрел куни унинг уйига бордим”, деган Шарафбаев кўрсатмасида.

Собиқ инспектор қотиллик жиноятини содир қилгач Redmi-12 телефон аппаратини унинг ичида ҳар хил расмлар ҳамда отаси ва оила аъзоларини ҳақорат қилувчи аудиоёзувлар борлиги сабабли ўзи билан олиб кетганини қўшимча қилган.

Бундан ташқари, Шарафбаев ИИБ тизимида ишлаб юрган вақтида, 2023 йил феврал ойида фуқаро З.С.ни алдаб, ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаб бериш эвазига ундан 100 АҚШ доллари ҳамда 1,1 млн сўм миқдорида пул олгани аниқланган. У ушбу пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Kun.uz мухбири воқеа содир бўлганида Зиёкор маҳалласида бўлиб, қурбонларнинг қўшнилари ва яқинлари билан суҳбатлашганди.

Уч ўғил, битта қиз эдик. Ўртанча акам вафот этган, катта акам Россияга кетган эди. Бир куни синглим билан видеоқўнғироқда гаплашганимда милиция формасидаги киши кўринди, ким деб сўрадим, бир танишим деди, эҳтиёт бўлиб юр, дедим. Онамдан ҳам сўрадим, таниши экан, келиб туради, деб қўйгандилар. Орадан вақт ўтди, онам ҳалиги одам синглимни тинч қўймаяпти, деб қолдилар. Участкавойга ариза ёзибдилар онам, лекин барибир қайтиб келаверибди. Онамнинг олдида синглимга шапалоқ урган экан, онамнинг ўзига ҳам таҳдид қилибди. Иккаласининг орасида гап бўлгандир, лекин жиянимнинг, онамнинг айби нима экан?” деганди ўшанда марҳум Э.Камарованинг акаси.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг ҳукмига асосан Мухтор Шарафбаев Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди, 97-моддаси (қотиллик) 2-қисми “в, р” бандлари, 169-моддаси (ўғрилик) 1-қисми ва 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Мавзуга оид