Ўзбекистон | 20:17 / 15.10.2024
4911
1 дақиқада ўқилади

Олмалиқда 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди

“Ёшлик-1” рангли металлар кони негизида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши билан параллел равишда, 4-фабрика қурилишига ҳам старт берилди. Айни пайтда 5-фабрика лойиҳалаштирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

2021 йилда “Ёшлик-1” кони негизида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланган эди. Бу лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида 4-мис бойитиш фабрикаси ҳам ташкил этилади. 15 октябр куни президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, ушбу янги завод қурилишини бошлаб берди.

Расмий релизга кўра, қиймати 5,3 миллиард долларлик бу лойиҳа орқали йилига 146 минг тонна катодли мис, 13 тонна олтин ва 73 тонна кумуш олиш қувватлари яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,9 млрд долларга етади. Фабрика ва унинг инфратузилмаларида 3 мингдан ортиқ киши ишлайди.

Лойиҳага Италиянинг “Wood” ҳамда Буюк Британиянинг “Worley Parsons” компаниялари жалб қилинган. Ишлаб чиқаришда юқори технологик, экологик хавфсиз ва тежамкор технологиялар қўлланиши белгиланган.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 5-мис бойитиш фабрикаси ҳам лойиҳалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 3-мис бойитиш фабрикаси 4,6 млрд долларга баҳоланган.

Мавзуга оид