Жаҳон | 18:44 / 16.10.2024
8887
3 дақиқада ўқилади

Туркия шарқида яна кучли зилзила содир бўлди

6 балли ер силкинишида Малатя шаҳри энг кўп зарар кўргани таъкидланмоқда. Бу шаҳар 2023 йил февралида даҳшатли зилзила содир бўлган ҳудудлардан бири эди.

Фото: Anadolu Agency

Туркия шарқида 6,0 магнитудали кучли зилзила содир бўлди, деб хабар берди Европа Ўртаер денгизи сейсмология маркази (EMSC). Кучли силкинишни ҳис қилган Малатя вилояти ва қўшни туманлар аҳолиси ваҳима ичида кўчага югурган. Бу шаҳар 2023 йил февралида даҳшатли зилзила содир бўлган ҳудудлардан бири эди.

Туркия матбуотининг ёзишича, асосий силкиниш маҳаллий вақт билан 10:46 да содир бўлган, ундан кейин камида 30 та ер силкиниши қайд этилган. Зилзила эпицентри Малатя шаҳридан 44 км шарқда, тахминан 10 км чуқурликда жойлашгани қайд этилган. Ер тебранишлари кенг ҳудудда, жумладан, икки йил аввал содир бўлган даҳшатли зилзиладан катта зарар кўрган йирик Ғозиантеп шаҳрида ҳам сезилган.

Бир қанча шаҳарлардаги йирик бинолар қисман қулаган ёки жиддий шикастланган. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот берилмади. Элазиғ шаҳрида яшовчи тўрт нафар инсон фавқулодда хизматлар томонидан вайрона остидан олиб чиқилган. Худди шу жойда зилзила пайтида бир неча киши деразадан сакраб, жароҳатланган.

Айрим ҳудудларда тош қулаши кузатилган, тоғларда чанг-тўзон кўтарилган, бироқ, расмийлар йўллар ва коммуникацияларда муаммо йўқлигини айтмоқда. Энг кўп зарар кўрган Малатя, Элазиғ ва Шонлиурфа шаҳарларидаги таълим муассасалари хавфсизлик сабабли камида бир кунга ёпилган.

Турк матбуотида эълон қилинган видеолавҳаларда чайқалаётган қандиллар, дўкон жавонларидан тушиб кетган товарлар, офислардаги мониторларнинг қулаши ва ваҳима ичида ўз биноларидан кўчага югуриб чиққан одамлар акс этганини кўриш мумкин.

Туркия аҳолиси 2023 йил февралида «аср зилзиласи» деб аталган энг йирик офатни ҳали унутгани йўқ. Мамлакат жануби-шарқида бир неча соат ичида 7,8 ва 7,5 магнитудали иккита кучли зилзила содир бўлди. Улар деярли 55 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди. Табиий офат 700 мингга яқин бино вайрон қилди ёки жиддий зарар етказди, миллионлаб одамлар бошпанасиз қолди. Шу билан бирга, кўпчилик ҳали ҳам тегишли уй-жойсиз қолмоқда.

Мавзуга оид