Жаҳон | 14:46 / 18.10.2024
7844
7 дақиқада ўқилади

Синварнинг ўлими — Ҳамасга жиддий зарба, аммо бу урушнинг якуни эмас

Яҳё Синвар ўлдирилиши Исроилнинг Ғазо секторида Ҳамасга қарши урушдаги энг катта ғалабаси бўлди.

Исроил 1990-йиллардан буён Ҳамаснинг ҳар бир янги раҳбарини ўлдириб келади, аммо ҳамиша унинг вориси топилади

Унинг ўлими у Исроил давлатини тарихдаги энг катта мағлубиятини қабул қилишга мажбур қилган жанговар кучга айлантирган ташкилот учун жиддий зарбадир. BBC халқаро бўлими муҳаррири Жереми Боуэн Синварнинг ўлимидан кейинги ҳолатни таҳлил қилди.

У махсус топшириқли бўлинманинг режалаштирилган амалиёти вақтида эмас, Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида исроиллик ҳарбийлар билан тасодифий тўқнашув оқибатида ҳалок бўлган.

Воқеа жойида олинган фотосуратларда Синвар ҳарбий либосда, исроилликлар танки зарбаси вайрон қилган бино харобалари орасида жонсиз ётганини кўриш мумкин.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу аскарларни мақтади ва бу ғалаба қанчалик катта бўлмасин, ҳали урушнинг якуни эмаслигини таъкидлади.

«Бугун биз яна бир бор бизга зарар етказадиганларга нима бўлишини кўрдик. Бугун биз яна бир бор дунёга эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабасини намойиш этдик. Аммо, азизларим, уруш ҳали якунланмади. Бу қийин ва бизга қимматга тушади», — деган у.

«Биз ҳали катта синовларни енгиб ўтишимиз керак бўлади. Бизга чидамлилик, бирдамлик, мардлик ва қатъият керак. Биз биргаликда жанг қиламиз ва биргаликда — худонинг ёрдамида — ғалаба қозонамиз».

Нетаняҳу ва Ғазодаги урушни қўлловчи исроилликларнинг кўпчилиги бундай ғалабага муҳтож эди.

Бинямин Нетаняҳу кўп марта урушнинг асосий мақсади — Ҳамасни ҳарбий ва сиёсий куч сифатида йўқ қилиб, гаровдаги исроилликларни уйга қайтариш эканини айтганди.

Уруш бир йилдан ортиқ давом этаётгани, камида 42 минг фаластинлик ҳалок бўлгани ва Ғазонинг катта қисми харобага айланганига қарамай, на у ва на бу мақсадга эришилди.

Гаровга олинган исроилликлар ҳамон озод этилгани йўқ, Ҳамас эса жангни давом эттирмоқда ва исроиллик аскарлар ҳалок бўлмоқда.

Синварнинг ўлими Исроил истаган ғалаба бўлди. Аммо ҳозирча Нетаняҳу урушнинг бошқа мақсадларига эришилгани ҳақида айта олмайди, унинг ўзи таъкидлаганидек, ҳарбий ҳаракатлар давом этади.

Яҳё Синвар 1962 йилда Ғазо секторидаги Хон Юнус қочқинлар лагерида туғилган. Бу ҳудуд ўша вақтда Миср оккупацияси остида бўлган, 1967 йилда Олти кунлик урушдан кейин Исроил назоратига ўтган.

Унинг оиласи 1948 йилда Исроил давлати тузилишига олиб келган уруш вақтида исроиллик ҳарбийлар томонидан ўз уйларидан қувилган 700 мингдан ортиқ фаластинлик орасида эди.

Унинг оиласи ҳозирда Ғазо секторининг шимолий чегараси яқинидаги Ашкелон деб аталувчи шаҳардан Хон Юнусга қочганди.

Синвар 20 ёшида Исроил ҳукумати томонидан тўрт нафар фаластинлик информаторни ўлдиришда айбланиб, қамалади.

У қамоқдаги 22 йил давомида иврит (иброний) тилини, ўз душмани ўрганади ва у билан қандай курашиш кераклигини тушунган деб ҳисобланади.

Унинг қамоқда бўлгани Исроилда унинг стоматологга ташрифи ёзувлари ДНК намунаси борлигини англатади, бу эса жасад унга тегишли эканини тасдиқлашга имкон берган.

Синвар 2011 йилда исроиллик аскар Гилад Шалитга алмаштирилган мингдан ортиқ фаластинликдан бири эди.

Ўтган йилнинг 7 октябрида Исроилга пухта режалаштирилган ҳужумлар натижасида Синвар ва унинг жангчилари Исроилга тарихдаги энг йирик мағлубиятни ва ҳозирга қадар чуқур ҳис қилинаётган коллектив жароҳатни етказганди.

1200 га яқин исроиллик ўлдирилгани, аскарлар ва тинч аҳоли вакиллари гаровга олингани ҳамда фаластинликлар буни байрам қилиши исроилликларнинг кўпчилигига Ҳолокостни эслатиб юборади.

Синвар ўз тажрибасидан гаровга олишнинг аҳамиятини биларди.

Тел-Авивда Ҳамас қўлида асирликда қолаётган исроилликларнинг оилалари (бу расман 101 киши, аммо Исроил ҳукумати уларнинг ярми аллақачон ҳалок бўлганини истисно этмайди) бир йилдан буён шаҳар майдонида йиғилиб, Исроил ҳукуматини ўз қариндошларини уйга қайтариш учун музокараларни бошлашга чақирмоқда.

Матан исмли асирнинг онаси Эйнав Зангаукер Исроил бош вазирига шундай мурожаат қилган: «Нетаняҳу, гаровдагиларни кўмманг. Ҳозироқ воситачиларга ва жамоатчиликка чиқинг ҳамда Исроилнинг янги ташаббусини билдиринг».

«Менинг Матаним ва қолган асирларнинг Ғазо туннелларидаги вақти тугади. Сизда ғалабангиз фотосурати бор. Энди келишув тузинг!»

«Агар Нетаняҳу вазиятдан фойдаланиб, ҳатто урушни тўхтатиш эвазига ҳам Исроилнинг янги ташаббусини тақдим этмаса — бу у урушни давом эттириш ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун гаровдагиларни ташлаб қўйишга қарор қилганини англатади. Ҳамма қайтмагунича биз таслим бўлмаймиз».

Исроилда Синварнинг ўлими байрам қилинмоқда. Фото: AFP

Кўплаб исроилликларнинг ҳисоблашича, Нетаняҳу Синвар ва унинг жангчилари Исроилга бостириб киришига йўл қўйган хавфсизлик соҳасидаги муваффақиятсизликлардаги роли учун тўлов қилинадиган кунни ортга суриш, шунингдек, коррупция бўйича жиддий айбловларга оид суд жараёни тикланишини номаълум муддатга қолдириш мақсадида Ғазодаги урушни чўзишни истайди.

У бу айбловларни рад этиб, фақат Ҳамас устидан «тўлиқ ғалаба»га эришиб, Исроилда хавфсизликни тиклаш мақсадида эканини айтади.

ОАВга эса Ғазо сектори чегарасидан ўтишга рухсат берилмайди, фақат ҳарбийлар назоратидаги сафарлар бўлиши мумкин.

Синварнинг ватани бўлмиш Хон Юнус харобаларида маҳаллий мухбирлар BBC сўрови билан олган интервюларда фаластинликлар бош эгмасликларини айтишган. Улар уруш давом этишини таъкидлашган.

«Бу уруш Синварга ҳам, Ҳания ёки Машалга ҳам, бошқа қайсидир етакчи ёки амалдорга ҳам боғлиқ эмас», — деган доктор Рамазон Фарис.

«Бу уруш Фаластин халқига қарши қирғин уруши, биз буни биламиз ва тушунамиз. Муаммо Синвар ёки бошқа кимдандир анча чуқурроқ».

«Улар таъқиб қилаётган фақат биз эмас. Улар бутун Яқин Шарқни исташади. Улар Ливанда, Сурия ва Яманда уруш қилмоқда. Бу биз ва яҳудийлар ўртасида 1919 йилдан, 100 йилдан ортиқ вақтдан буён давом этиб келаётган урушдир», — дейди Аднан Ашур.

Ғазода ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Хабар қилишларича, анклав шимолидаги навбатдаги рейд вақтида 25 нафар фаластинлик ўлдирилган.

Исроил Ҳамас қўмондонлик марказига зарба йўлланганини маълум қилган. Маҳаллий шифохонадаги шифокорлар улар даволаб келган ўнлаб ярадорлар тинч аҳоли вакиллари бўлганини айтишган.

АҚШ Исроил Ғазога кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва инсонпарварлик ёрдами киритиши лозимлигини маълум қилганидан кейин ҳудудга ҳаво орқали гуманитар ёрдам етказиб бериш тикланди.

Мавзуга оид