Жамият | 20:16 / 19.10.2024
68399
9 дақиқада ўқилади

Тундаги ўқ овози – Чортоқдаги қотиллик тафсилоти

Чортоқ туманидаги фермер хўжаликларидан бирида чорвадор бўлиб ишлайдиган эркак 2024 йилнинг 26 феврал куни ишга кетганича уйига қайтмайди. Баъзида улфатлари билан маишат қилиб тургани учун оила аъзолари бирор танишиникида қолгандир, деган гумонда бўлади. Бироқ эртасига ҳам унинг дараги чиқмайди. Унинг қаерда эканини эса фақат икки киши биларди.

Фото: Kun.uz

Уйига қайтмаган чорвадор

Янги Наманган туманидаги Соҳил маҳалласида яшовчи, 1976 йилда туғилган Шавкат Тўрабоев (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) рўзғор тебратиш учун кунлик ишга чиқиб, мардикорлик қиларди. 2024 йилнинг январ ойида у ҳудуддаги фермер хўжаликлардан бирига чорвадор бўлиб ишга киради.

4 фарзанднинг отаси бўлган эркакнинг вазифаси хўжаликдаги молларга қараш ва сигирларни соғиб олиш эди. Бунинг учун у эрта тонгдан хўжаликка кетарди. 

26 феврал куни ҳам у соат 4:00 ларда молхонага ишга кетади. Соат 11:00 ларда уйга қайтиб келиб, уй юмушлари билан банд бўлади ва соат 16:00 ларда яна фермер хўжаликка йўл олади. Соат 19:00 ларда эса уйига ўтин кўтариб келади ҳамда молхонага бориши кераклигини айтиб, чиқиб кетади.

Турмуш ўртоғи ўшанда бу уни сўнгги бор кўриб туриши эканини билмасди: Шавкат Тўрабоев шу кетганидан изсиз ғойиб бўлади. Аёли аввалига бирор танишиникида ичиб қолгандир, деган ўйда уни кутади. Аммо эртасига ҳам келавермагач, ИИБга хабар бериб, эркакни излашга тушишади. Чорвадорни қидириш ишлари қарийб икки ой давом этади. Бироқ ҳа деганда унинг тириги ҳам, ўлиги ҳам топилавермайди. 

Ўғилнинг отага совғаси

Шавкат Тўрабоев молхонага бориб келишда фуқаро Жалил Одиловнинг дала ҳовлиси ёнидан ўтиб-қайтарди.

62 ёшли Жалил Одилов Уйчи туманининг Чуртук маҳалласида яшаган. 2022 йилнинг баҳор ойларида ўғли унга Наманган тумани ҳудудидан боғи бор далаҳовли ва Matiz машинаси олиб беради. Бундан хурсанд бўлган ота далаҳовлида қўра қуриб, чорва ва парранда боқа бошлайди. 

Жалил Одилов ҳамма шароит бўлгани сабабли далаҳовлида ётиб ҳам қолаверарди. Шу сабабли ўғли унга ов милтиғи ҳамда электрошокер ҳам олиб беради.

Дала ҳовли ёнидан ўтиб қайтадиган Шавкат Тўрабоев Жалил Одилов билан қуюқ сўрашадиган, гоҳида бироз ўтириб, суҳбатлашиб кетадиган бўлади. Улар шу тариқа таниш бўлиб қолишади.   

Кутилмаган меҳмон 

Кунларнинг бирида далаҳовлидан битта хўроз йўқолиб қолади. Орадан чамаси 15 кунлар ўтиб эса битта товуқ ҳам ғойиб бўлади. Жалил Одилов паррандаларни Шавкат Тўрабоев ўғирлаганликда гумон қила бошлайди. Аммо буни ўзига айтмайди.

2024 йилнинг 26 феврал куни туғум пайти бўлгани учун Жалил Одилов кечгача далаҳовлида ишлайди, қўйларига қарайди. Соат 19:30 ларда у сигарет сотиб олиш учун автомобил йўли бўйидаги савдо дўконига йўл олади. Йўлда Шавкат Тўрабоев ҳамда далаҳовлисига қўшни боғ эгасининг жияни бўлган Нуриддин Қодировни кўради. Салом-аликдан сўнг 19 ёшли Нуриддин Қодиров унга қўшилиб савдо дўконига боради ва пиво сотиб олишади. Шавкат Тўрабоев эса уларни кутиб туради. 

Шу тариқа учаласи пиво ичади. Сўнгра ортга қайтиб, боғ олдига келишганида Жалил Одилов қўйи туғиши кераклигини айтиб, далаҳовлисига кириб кетади. Бироздан сўнг Нуриддин Қодиров ҳам ўз боғи томонга кетади, Тўрабоев эса уйга кетишини айтади.

Далаҳовлисида дам олиб ётган Жалил Одилов соат 22:20 ларда дарвоза тақиллаганини эшитади, аммо бунга эътибор бермайди. Аммо бироздан сўнг одам шарпасини сезиб, милтиқни кўтарганича ташқарига чиқади.

Тунда отилган ўқ

Жалил Оидловнинг Оқ айиқ лақабли катта ити бор эди. Милтиғини ўқлаб ташқарига чиққан эркак қоронғида дарвоза олдида ити кимгадир ташланаётганини кўради. Овоз чиқариб кимлигини сўрайди, жавоб бўлмагач унга қарата ўқ отади.

Ичкиликдан сўнг Нуриддин Қодиров билан хайрлашган Шавкат Тўрабоев бироз Жалил Одилов билан суҳбатлашиш мақсадида далаҳовли дарвозасини тақиллатади. Аммо жавоб бўлмагач дала ҳовлининг девори йўқ бўлган очиқ томонидан ичкарига киради. Буни ит пайқаб қолиб, унга ташланган, чорвадор эса қочиб дарвоза олдига борганди.

Милтиқдан отилган ўқ унга тегади ва бақириб юборади. Жалил Одилов унинг олдига бориб, таёқ билан калтаклай бошлайди. Тўрабоев эса ўзини танитиб, урмасликни сўрайди.

Шундан сўнг далаҳовли эгаси уни уришдан тўхтайди ва дарвозахона чироқларини ёқади.

Қотиллик

Зарбалар оқибатида Шавкат Тўрабоевнинг қўли синганди. Одилов уни ўғриликда айблаб, далаҳовлисига яширинча киргани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишини билдиради. Чорвадор эса товуғини ҳам, хўрозини ҳам ўғирламаганини, бироз суҳбатлашиш мақсадида келганини маълум қилади.

Сўнгра Тўрабоев оғир жароҳат олганини, қўли синганини айтиб, қаматиб юбориш билан таҳдид қила бошлайди.

Энди оиламни ҳам боқа олмайман. Агар қўрадаги қўйларингнинг ярмини ёки Matiz’ни номимга ўтказиб бермасанг, оғир жароҳат етказганинг учун қаматиб юбораман”, дейди у ўзаро суҳбатда.  

Бундан ғазабланган Жалил Одилов жиноятини яшириш мақсадида Тўрабоевга яна ҳужум қилиб, ўта шафқатсизлик билан уни қасддан ўлдиради. Сўнгра мурдани чойшабга ўраб, боғнинг бир четига кўтариб боради ва устига бензин қуйган ҳолда ёқиб юборади.

Бир неча соатдан сўнг хабар олгани борган эркак мурданинг фақат устидаги кийимлари ёнганини кўради. Ундан бутунлай қутулиш мақсадида чуқур қазиб, мурдани кўмиб ташлайди. Қабр устига эса қўра қуриб қўяди.

Ягона гувоҳ ва ўзгарган тартиб

Аслида бу ишлардан Нуриддин Қодировнинг хабари бор эди. Негаки, Тўрабоев билан хайрлашганидан кейин ўз далаҳовлиси томонга юрган Қодиров кўп ўтмай ўқ овозини эшитади. Ўқ овози Одиловнинг далаҳовлиси томондан келганди.

 Ортга қайтиб, далаҳовли ёнига келиб қараган Қодиров ерда усти-боши қон ҳолатда ётган Тўрабоевни ҳамда унинг ёнида тик турган Одиловни кўради. Бироқ ИИБга хабар қилиш ўрнига ҳолатдан қўрқиб, қочиб кетади.

Жасад устига қўра қуриб олган Жалил Одилов ҳеч нарсани билмагандай юраверади. У кунлик тартибини бироз ўзгартирганди: далаҳовлида ётиб қолиш одатини йиғиштириб, ҳар куни уйига қатнай бошлайди.

Кунларнинг бирида Одилов нуриддин Қодировни кўриб қолади. Ўзаро суҳбат жараёнида йигит унга Тўрабоев йўқолиб қолганини, ИИБ қидириб юрганини айтади. “Сўнгги бор сиз билан кўргандим уни. Лекин ИИБга айтмадим” дейди у.

Одилов йигитга қарата “билдим дединг – тутулдинг, билмадим дединг – қутулдинг”, дея кўрганларини ҳеч кимга айтмасликни шама қилади.

“Ўлдириш ниятим бўлмаган”

Ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолмайди, қабр устидаги қўйхона сири фош бўлади: қарийб икки ой қидирилган Шавкат Тўрабоевнинг жасади ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан топилади.

Судда сўралган Жалил Одилов Тўрабовни ўлдириш нияти бўлмаганини билдирган.

Ўзимни ҳимоя қилмоқчи эдим. Аввалига танимасдан қўрққаним учун ўқ уздим ва таёқ билан урдим. Тўрабоев таҳдид қила бошлаганидан сўнг эса жаҳл устида шу ишни қилиб қўйдим. Уни кўп вақт қидиришди, жавобгарликдан қўрққаним учун бу ҳақда маълум қилмай юргандим. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, жабрланувчининг қонуний вакили ва оила-аъзоларидан кечирим сўрайман. Қилмишим учун марҳумнинг оила-аъзоларини ўзимнинг оила-аъзоларим сифатида биламан ва қандай жазо олишимдан қатъий назар уларнинг ҳолидан фарзандларим хабар олиб туришади. Жазони ўтаб чиққанимдан сўнг ҳам уларни таъминлашга ваъда бераман”, деган у ўз кўрсатмасида. 

Жазо

Суд ҳукми билан Жалил Одилов Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “в, ж” бандлари ва 134-моддасида (қабрни таҳқирлаш) кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Нуриддин Қодиров эса Жиноят кодексининг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятда айбли деб топилиб, 3,5 йилга қамалган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Суд материали асосида тайёрланди.

Мавзуга оид