Жаҳон | 14:50 / 21.10.2024
1956
3 дақиқада ўқилади

2024 йилда РФ харажатлари 1,5 трлн рублга ошиши мумкин

Россия 2024 йилда имтиёзли ипотека ва Украинадаги уруш учун қўшимча 1,5 триллион рубл сарфлаши мумкин, деди молия вазири Антон Силуанов.

Фото: РБК

Россия 2024 йилда бюджет харажатларини 1,5 триллион рублга ошириши мумкин. Бу ҳақда Россия молия вазири Антон Силуанов РБК'га берган интервюсида гапирди. Унинг сўзларига кўра, тегишли таклиф парламентга аллақачон киритилган ва бу йил давомида «режадан ташқари харажатлар» юзага келгани билан боғлиқ.

Сўралган маблағнинг катта қисми Марказий банк томонидан асосий ставканинг ошиши фонида имтиёзли ипотека кредитларини субсидиялашга йўналтирилиши режалаштирилган, деди Силуанов. «6 фоиз оилавий ставкада ёки 8 фоиз имтиёзли ипотека кредитини олган одамлар, улар учун ставкалар барқарор бўлиб қолади, шунинг учун биз бюджетдан бир триллион рублдан кўпроқ пул оламиз. У одамларнинг ипотека кредитлари ставкаси ўзгармаслиги учун йўналтирилади», — дея вазирнинг сўзларини келтиради РБК.

Қолган харажатлар давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларининг ошиши, шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг эҳтиёжлари билан боғлиқ. «Эҳтимол, энг муҳими — бу махсус ҳарбий операциянинг вазифалари. Биз биринчи навбатда фронтда муваффақиятни таъминлаш учун Мудофаа вазирлигининг ҳар қандай эҳтиёжларини молиялаштирамиз», деди вазир.

Шу билан бирга, Силуановнинг сўзларига кўра, якунда ҳукумат 2024 йил охиригача 1,5 триллион рублдан кам маблағ сарфлаши мумкин.

Россия «дўст бўлмаган» давлатлар компанияларига активларини сотишни қийинлаштиради

Россия Федерациясида чет элликлар томонидан активларни сотиш билан боғлиқ операциялар учун минимал чегирма 60 фоизгача ошди. Бу ҳақда журналистларга Россия молия вазири Антон Силуанов маълум қилди.

«Чет элликлар учун дисконт 50 фоиздан 60 фоизгача кўтарилмоқда», дея Силуановнинг сўзларидан иқтибос келтирган Россия ОАВ. 

Вазирнинг сўзларига кўра, чет элликлар томонидан Россиядаги бизнесни сотиш билан боғлиқ битимлар учун бюджетга тўланадиган ҳисса 15 фоиздан 35 фоизгача ошади. «15 фоиздан 25 фоизгача дарҳол, плюс бир йилда беш фоиз ва кейинги йилда беш фоиз, жами 35 фоиз», деб тушунтирди Силуанов.

Украинада можаро бошланганидан кейин мамлакатни тарк этишга қарор қилган кўплаб Ғарб компанияларининг Россиядаги активларини сотиш тартиби 2022 йилдан кучга кирди. Савдо тартиб-қоидаларига риоя қилиш ва корхоналарнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида Силуанов раислигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Мавзуга оид