Бразилия президенти BRICS саммитига парвозини бекор қилди
Бразилия етакчисининг идорасига кўра, Лула да Силвага тиббий сабабларга кўра узоқ масофаларга парвозлардан воз кечиш тавсия этилган.
Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва 22-24 октябр кунлари Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этиш учун Россияга парвозини бекор қилди. Бу ҳақда 20 октябр, якшанба куни 78 ёшли давлат раҳбари идорасига таяниб, Reuters хабар берди.
Бразилиядаги Cирио Либанес касалхонаси томонидан эълон қилинган тиббий ҳисоботга кўра, сиёсатчига «узоқ масофаларга ҳаво қатновидан қочиш тавсия этилган, аммо бошқа йўл билан ўзининг оддий вазифаларини бажаришга қодир».
Тиббий хулосада айтилишича, президент бошининг «оксипитал қисми» жароҳат олган. Идора маълумотларига кўра, у уйида тасодифан жароҳатланган.
Видео-конференция орқали иштирок этади
Бразилия раҳбари 20 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 17.00 да (Москва вақти билан 23.00) Россия Федерациясига учиши керак эди. Энди у видео-конференция орқали форумда иштирок этади, дея аниқлик киритмоқда Reuters.
Бразилия, худди Хитой каби, Украина учун ўзининг тинчлик ташаббуси билан чиқди.
BRICS мамлакатлари раҳбарлари Путинни яна туғилган куни билан табрикламади
Кетма-кет иккинчи йил BRICS'га аъзо давлатлар раҳбарларидан ҳеч бири Владимир Путинни туғилган куни билан табрикламади. Бундан ташқари, бу йил Россия президентига 2022 йил февралида Украинада уруш бошланганидан бери хорижий давлат раҳбарларидан энг кам табриклар келди. "Агентство" нашри 7 октябр куни Кремл матбуот хизматининг тегишли хабарларини таҳлил қилиб, дунё етакчиларидан фақат Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Путинга қўнғироқ қилгани, қолганлари телеграммалар билан чеклангани тўғрисида хабар берди.
Натижада Путинни 72 ёшга тўлиши билан саккиз нафар хорижий давлат раҳбарлари: Никарагуа президенти Даниэл Ортега, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Беларус етакчиси Александр Лукашенко, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Марказий Африка Республикаси президенти Фаустин-Арчанге Туадера, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Баҳрайн қироли шайх Ҳамад бин Исо Ал Халифа табриклади.
Бундан бир йил аввал Путинни 10 та давлат раҳбари табриклаган эди. 2022 йилда, Россия президенти 70 ёшга тўлганда, 14 дунё етакчиларидан, жумладан, Хитой раиси Си Жинпинг, КХДР давлат кенгаши раиси Ким Чен Ин ва Жанубий Африка президенти Сирил Рамафосадан табриклар келди.
2021 йилда, Россия Украинага ҳужум қилишидан олдин, Путинни Исроил, Япония, Туркия, Озарбойжон, Арманистон ва бошқа бир қатор давлатлар раҳбарлари телефон орқали табриклаган. Шунингдек, у Си Жинпинг ва Сербия президенти Александр Вучичдан телеграммалар олган.