Саудия шаҳзодаси Россияга бормайди. Нега?
22-24 октябр кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган БРИCС саммитида Саудия шаҳзодаси иштирок этмаслиги маълум қилинди. “Геосиёсат” ҳафталигида таҳлилчилар Бектош Бердиев ва Шуҳрат Расул бу борада ўз фикрларини билдирди.
Бектош Бердиевнинг сўзларига кўра, дунё тарозининг икки палласига ажралмоқда: бир томондан Америка, Европа, иккинчи томондан Хитой ва Россия. Саудия Хитойнинг ШҲТ ва БРИКС саммитларига ўзига хос қизиқиш билдирган бўлса ҳам, подшоҳлик АҚШнинг эски иттифоқчиларидан бўлгани учун саммитда иштирок этиш борасида бироз босиқроқ сиёсат юритишни маъқул кўрмоқда.
“Сабаби Саудиянинг саммитдаги иштироки ўз зарарига ишлаши мумкин. Қўшимчасига, бу ҳолат Европадаги АҚШ иттифоқчиларининг ғазабини келтириши мумкин. 1975 йилда қирол Файсалнинг жонига ўз жияни томонидан суиқасд уюштирилгани ҳам мисол бўла олади. (Қирол Файсалнинг жияни АҚШ томонидан юборилган Марказий разведка одами эди деган норасмий маълумотлар ҳам бор). Аммо Саудия БРИКСга қўшилса, у учун янги горизонтлар очилишини ич-ичидан ҳис қилиб турибди.
БРИКСга қўшилиш Хитой билан яқинлашишни билдиради. Лекин давлат манфаати нуқтайи назаридан бу анча муаммоли масала. Шу сабабдан Муҳаммад бин Салмон бу борада анча босиқ сиёсат юритишни қўллаш тарафдори”, – дейди у.
Таҳлилчи Шуҳрат Расулга кўра, БРИКС – кўпроқ рамзий аҳамиятга эга ташкилотлар қаторида туради. Саудия ва Россия ўртасида эса нефт ишлаб чиқариш борасида зимдан кураш боради.
“Муҳаммад бин Салмон 2024 йил 1 декабрдан ҳар ойда 83 минг баррелдан нефтни бозорга олиб чиқмоқчи бўляпти. Бу ҳолат кейинги йилларда ҳам давом этса, Россияда Горбачёв давридаги ҳолат такрорланиши, яъни Россиянинг нефт бозори касодга учраши мумкин.
Шунингдек, Саудия Америкага қарши ҳам ўйнаяпти. Америка ҳар куни 14 миллион баррел нефт ишлаб чиқармоқда. Америкада 1 баррел нефт нархи 58 доллар, Россияда 55 доллар, Саудияда 20 доллар. Саудия нефт бозорида нефт ҳажмини ошириб, Россия ва Америка бозорини касод қилиши мумкин. Бунга коронавирус даврида нефт нархи 10 долларга тушгани ҳам мисол бўлиши мумкин. Ва бу ерда барча давлат ўз манфаати учун курашмоқда”, – дейди Шуҳрат Расул.
Мавзуга оид
15:04 / 22.12.2024
Магдебургдаги ярмаркага ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?
20:10 / 21.12.2024
Путиннинг Киевда дуэл таклифи ва Ғарб билан музокарага киришган Жўланий — геосиёсий ҳафта таҳлили
20:15 / 17.12.2024
Блинкен Яқин Шарқда. АҚШнинг Суриядаги манфаатлари нималар?
18:42 / 14.12.2024