Жаҳон | 20:55 / 23.10.2024
17562
5 дақиқада ўқилади

Анқара яқинидаги ҳарбий заводга ҳужум қилганлар йўқ қилинди

Анқара яқинидаги Turkish Aerospace (TUSAŞ) аэрокосмик компанияси штаб-квартирасига ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, 14 киши яраланган. Аввалроқ корхона ҳудудида кучли портлаш рўй бериб, отишма бошлангани хабар қилинганди.

Фото: Getty Images

Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ҳужум қилганлардан икки нафари – бир эркак ва бир аёл ўлдирилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, яраланганлардан уч нафари оғир аҳволда.

«Туркия аэрокосмик саноатига қарши террорчилик ҳужуми уюштирилди. Афсуски, бизда қурбонлар ва яраланганлар бор», — дея ёзганди у X ижтимоий тармоғида.

Вазир аввалига уч қурбон ҳақида хабар берганди, аммо айни вақтда Қозондаги БРИКС саммитида иштирок этаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған қурбонлар сони 4 нафарлигини маълум қилди.

Бу вақтда Владимир Путин билан учрашувда бўлган Эрдўған «жирканч теракт»ни қоралаб, ҳамдардлик учун Россия президентига миннатдорчилик билдирган.

«Ҳамдардлик учун раҳмат. Бизда уч қурбон бор», — деган у.

Туркия нашрларига кўра, қўриқчилар алмашаётган вақтда портлаш рўй берган; ҳужумдан кейин корхона ходимларини панагоҳларга жўнатишга тўғри келган.

Воқеа жойига ўт ўчириш ва тиббиёт бригадалари, шунингдек, полициячилар ва махсус топшириқли кучлар етиб келган.

Воқеа жойидан олинган кадрларда тутун ва кучли ёнғин акс этган.

Ҳодиса жойидан тўғридан тўғри кадрларни намойиш этишни бошлаган маҳаллий нашрлар расмийлар талабига кўра трансляцияни тўхтатишга мажбур бўлган.

Анқара шаҳри мэри Мансур Явош ҳодисадан чуқур қайғуда эканини айтган: «Мен жафокашларимизга худонинг марҳамати ва ярадорларга тезда соғайиб кетишларини тилайман. Биз терроризмни қоралаймиз. Таъзиямни қабул қилинг».

Маҳаллий нашрлар Turkish Aerospace ҳудудига икки киши — бир эркак ва бир аёл ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатган.

Ижтимоий тармоқларда бино ичкариси ва ташқарисидаги кузатув камералари орқали олинган кадрлар намойиш этилган, уларда ҳужум қилганларнинг юзи кўриниб қолган.

Маҳаллий нашрларда завод ходимлари гаровга олингани ҳақида ҳам хабар тарқалганди, аммо бу маълумот ўз исботини топмади.

Шунингдек, ОАВда махсус амалиёт якунланганидан кейин топилган қуроллар фотосурати тарқалди: унда автоматлар, ўқдонлар, гранаталар ва бошқа жиҳозларни кўриш мумкин.

Фрэнк Гарднер, BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири:

Туркия теракт сифатида таснифлаган бундай ҳужумлар Туркияда биринчи бор рўй бераётгани йўқ. Азалдан бундай ҳужумлар учун жавобгарлик асосан курд айирмачилари зиммасига юкланади, бундай ҳужумлардан кейин уларнинг Сурия шимолидаги лагерлари Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан ўққа тутилади.

Аммо Туркияда ИШИД гуруҳи ҳозирга қадар фаол ҳаракатланмоқда.

Бундан ташқари, Туркиянинг аэрокосмик саноатида ишлаб чиқарилган дронлар Арманистон ва Озарбойжон ўртасида Қорабоғда кечган урушнинг боришини ўзгартирганида айбланади.

Россиянинг Украинага босқинининг илк даврида, ҳали украинлар ўз учувчисиз учар қурилмаларини кенг миқёсда ишлаб чиқаришни йўлга қўймаганида, Украина қуролли кучлари Россия танкларини нишонга олиш учун Туркия томонидан ишлаб чиқарилган Bayraktar дронларидан кенг фойдаланган.

Шу туфайли, бу ҳужумни текшираётганлар жавоб бериши керак бўлган асосий савол шундаки, бундан кимга фойда эди?

Завод ҳақида

Turkish Aerospace компаниясига 1973 йилда асос солинган бўлиб, Туркиянинг аэрокосмик соҳасида муҳим ўйинчи саналади, бу ерда самолётлар, вертолётлар, дронлар ҳамда тижорий фойдаланиш ва ҳарбий эҳтиёжлар учун космик сунъий йўлдош воситалари ишлаб чиқилади.

2023 йилда Turkish Aerospace Industries Inc. дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компаниялари рўйхатига кирган. Корхонанинг йиллик даромади 1,5 миллиард долларни ташкил этади. Компанияда 15 мингдан зиёд ходим, шу жумладан 7 мингга яқин муҳандислар, 6,5 мингдан ортиқ техниклар ва бошқа ишчилар меҳнат қилади.

Компания штаб-квартираси Анқарадан 40 километр шимолдаги Қаҳрамонказанда жойлашган.

Ҳодиса рўй берган вақтда Туркия мудофаа саноати бошқармаси бошлиғи Халук Гёргюн, TUSAŞ бош директори Меҳмет Демирўғли ва бошқа расмий шахслар Истанбулдаги ҳарбий кўргазмада иштирок этаётганди.

Ҳужум ҳақида хабар келгач, делегация Анқарага йўл олди, деб хабар берган Anadolu.

Мавзуга оид