Жамият | 12:07 / 23.10.2024
24300
7 дақиқада ўқилади

“Катта натижаларга эришиш мумкинлигини қизларимга исботлаш учун IELTS’дан максимал балл олишга ҳаракат қилдим” — IELTS’дан 9 балл олган илк ўзбекистонлик аёл

Маъмура Йўлдошева 36 ёшда. Оилали, уч нафар фарзанднинг онаси. У АҚШда бакалавриат ва магистратурани тугатган. Кўпчилик унинг ўзбекистонлик аёллар ичида биринчи бўлиб IELTS’дан 9 балл олганини Америкада яшагани билан боғлайди. Бироқ унинг ўзи бу фикрга қўшилмайди. Маъмура Kun.uz билан суҳбатда қандай қилиб бундай натижага эришгани, ушбу йўлдаги машаққатлари ҳақида сўзлаб берди.

“Тўрт марта имтиҳон топширганман”

IELTSʼдан 4 марта имтиҳон топширганман. Биринчи мартасида 8 балл чиққан, иккинчи, учинчи уринишда 8,5 балл ва тўртинчи бор имтиҳонга кирганда 9 баллни қўлга киритганман. Ўзбекистонда кўпчилик мени Америкада яшаб келганим учун 9 балл олди, деб ўйлайди. Америкада 24 йил яшаганмиз. 11 ёшимда отамнинг илмий ишлари сабабли бу давлатга оилавий кўчиб кетганмиз. Ўшанда отамдан ташқари ҳеч биримиз инглиз тилини билмас эдик. Мактабда ўқиш жараёнида бу тилни атрофдагилардан ўргана бошлаганман, 1 йил ичида тилни тушуниб, бошқалар билан гаплаша олиш даражасига чиққанман. Аслида инглиз тилида сўзлаша оладиганларнинг ҳаммаси ҳам IELTSʼдан яхши натижаларни қайд эта олмайди. Сабаби IELTS алоҳида тайёргарлик кўриладиган, натижа учун вақт талаб қиладиган имтиҳон. Унда фақатгина сўзлашиш эмас, ёзиш, эшитиш, грамматикани қай даражада билишингиз, мантиқий фикрлашингиз синовдан ўтказилади. Яъни Америкада ҳаёт кечириб, инглиз тилида эркин гаплашиш бошқа, IELTS имтиҳонларидан юқори балл олиш эса умуман бошқа нарса.

“Келин, она ва устоз ролида тестга тайёргарлик осон кечмади”

IELTSʼга тўртинчи бор ҳужжат топширишга тайёргарлик кўраётган вақтимда учинчи фарзандимга ҳомиладор эдим. Шу туфайли узоқ вақт давомида ўтириб дарс қила олмасдим. Вақтдан ютқазмаслик учун турли мавзудаги инглизча суҳбатларни эшитардим, янгиликларни ўқирдим. Уй юмушлари, болаларга қараш, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш, ўқувчиларга дарс бериш билан бир қаторда ўз устимда ишлаш – ҳаммасига бирдек улгуриш осон бўлмаган, албатта. Кечқурунлари аудиоёзувларни тинглаб дарс қилиб, китоб устида ухлаб қолардим. Бундай вазиятда инсонга кучли ирода, натижага эришиш учун ички хоҳиш керак бўлади. Шунингдек, оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Турмуш ўртоғим дунёқараши кенг инсон бўлгани учун менга доим ёрдам берган, илмни қадрлайди. Оилавий қадриятларимизга кўра, аёллар биринчи навбатда фарзандларига намунали она бўлиши учун ҳам ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги керак. Ўз йўналишимдагиларга рақобатчи бўлиш учун эмас, изланса, меҳнат қилса, катта натижаларга эришиш мумкинлигини қизларимга исботлаш учун IELTSʼдан максимал балл олишга ҳаракат қилдим. Тайёргарлик пайтида аввал топширган имтиҳонларимдаги натижаларимни таҳлил қилдим. Уларда қилган хатоларимни ўрганиб, айнан шулар устида ишлаш орқали мустақил равишда IELTS натижамни 8,5 дан 9 баллга кўтардим.

“Пандемия вақтида Ўзбекистонга қайтдик”

Карантин вақтида ватанга қайтдик. Ўзбекистонга келган дастлабки пайтларимизда нима иш қилишни билмай қолдим. Сабаби бу ерда қандай таълим тизими йўлга қўйилганидан бехабар эдим. Икки давлат ўртасидаги ўқитиш тизимида катта фарқ бор, бундан бирмунча қийналдим. Дарс услубларини ўрганиш ва таҳлил қилиш учун Тошкентдаги таниқли ўқув марказларига ўқувчи сифатида бориб кўрдим. Улардан бирига ёшим катта бўлгани учун қабул қилишмади. Бошқа бирида эса ўқитувчидан кўпроқ нарсани билишимни сезиб қолишганидан кейин ҳайдаб чиқаришди. Фикримча, бундай усулни қўллаш хато, таълим масканлари билим олишни хоҳлаган барча учун тенг имкониятларни яратиши, ундаги ўқитувчилар рақобатга тайёр бўлиши керак.

Пойтахт марказидаги кўпчиликка таниш яна бир ўқув марказида инглиз тилидан дарс бераётган ёш ўқитувчининг дарсида қатнашдим. Қизиқ воқеа бўлди: ўқитувчи ўқувчининг тўғри талаффуз қилган сўзини нотўғри дея баҳолаб, унга ўзининг талқинидаги хато талаффузни сингдирди. Унинг қилаётган иши нотўғри эканини айтиб юборишимга бир бахя қолган. Аммо кузатувчи сифатида борганим учун камчиликларни ўрганиб, жимгина қайтганман. Фикримча, ўқув марказларида дарс бераётган ўқитувчилар фаолиятини ҳам назорат қилиб туриш тизимини йўлга қўйиш керак.

Сўзларни роботга ўхшаб ёдлайди, аммо битта гап тузишни билмайди”

IELTSʼга тайёргарлик кўраётганлар янги сўзларни кўп ўрганади, аммо ўша сўзлар иштирокида бирор гап тузиш сўралганда тўхтаб қолади. Роботга ўхшаб ёдлашади, мазмунини мантиқан англаб, бир-бирига боғлаш масаласида эса оқсаб қолишади. Энг катта камчиликлардан бири ҳам шу, аслида. Ўқувчиларим бундай вазиятга тушиб қолмаслиги учун дарс мобайнида янги сўзларни ўргатаётганда улардан шеър ёки матн, иншо, диалоглар тузишни топшириқ сифатида бераман. Бу усул имтиҳон жараёнида вақтдан ютишга, сўзларни тўлиқ англашга ёрдам беради. Мантиқан фикрлаш қобилиятини ҳам ривожлантиради.

IELTSʼдан максимал балл олиш учун 5 та лайфҳак

Халқаро инглиз тилини тест қилиш тизимидан юқори балл олиш учун биринчи навбатда, имтиҳон топшириш санасини аниқ белгилаб, шунга кўра режа тузинг. IELTSʼнинг икки тури бор: Academic ва General training, буларнинг имтиҳон тизими бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун, ўзингизга керакли версияни аввалдан тўғри танлашингиз лозим. Намунавий синов тестларини ечиб, ҳозирги билим даражангизни текширинг, бу орқали қайси бўлимлар устида кўпроқ ишлашингиз зарурлиги маълум бўлади, айни шу факторлар асосида тайёргарлик режасини тузиш зарур.

Иккинчи лайфҳак: иложи борича кўпроқ инглиз тили она тилиси бўлган сўзлашувчилар (native spiker)ни эшитинг. Бу орқали сўзлашув(speaking)да табиий акцент ва талаффузни ўрганасиз, тинглаш (listening)да тушуниш қобилиятингиз ошади. Учинчи маслаҳат: ўқиш (reading)да гапларнинг тузилиш структурасини яхшилаб ўрганинг. Мазкур усул матнни яхшироқ англаш ва саволларга аниқ жавоб беришга имкон яратади.

Тўртинчи лайфҳак: вақт тақсимотига ўзингизни мослаштиринг. Масалан, ўқиш бўлими (reading)да турли мураккаб матнлар билан танишинг, вақтни бошқаришни машқ қилинг. Сўзлашиш (speaking) бўйича вақтга қараб саволларга жавоб беришга тайёрланинг. Имтиҳонда вақт масаласи муҳим омил, кучли тайёргарлик кўрганингиз билан дедлайнга амал қилмасангиз, ҳаракатларингиз самарасиз якунланади.

Бешинчи лайфҳак: имтиҳонга ўзингизни руҳан кучли тайёрланг. Ўзбекистонда IELTS топшираётган кўплаб ўқувчиларда қўрқув бўлади. Бу оддий имтиҳон, қўрқиш керак эмас, ундан яхши балл ола олмаслик билан ҳаёт тугаб қолмайди. Ҳаяжонни енгиш ва концентрацияни жамлашга ёрдамлашувчи машқларни бажаринг. Имтиҳондан аввал тўйиб ухланг.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Зияддин Маматжонов,
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов.

Мавзуга оид