Ўзбекистон | 14:50 / 23.10.2024
6253
2 дақиқада ўқилади

Мисрда инглиз тилидаги илк Ўзбек тили грамматикаси дарслиги яратилди

Ўзбек тили байрами куни арафасида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан инглиз тилида соддалаштирилган услубда ўзбек тилини "нол"дан ўргатувчи Uzbek language grammar. Simplified system номли қўлланма тайёрланди.

Фото: "Дунё" АА

Ушбу китобнинг кириш қисмида ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, унинг ўзгариш босқичлари ҳамда ўзбек халқининг шаклланиш тарихи ҳақида сўз юритилган.

Бошқа қўлланмалардан фарқли равишда китобнинг асосий қисмидаги 20 та дарслар йирик мавзуларни алоҳида-алоҳида тўлиқ тушунтиришга эмас, балки хорижий тилни ўрганиш учун энг зарур бўлган қоидалар ва конструкцияларни ўргатишга бағишланади, кейинчалик мавзулар аста секин мураккаблашиб боради.

Ўзбек тилида феъл замонларини тушуниш хорижликлар учун нисбатан мураккаблигини инобатга олиб, қабул қилинган стандартлардан фарқли равишда инглиз тилига қиёслаб содда кўринишда тушунтирилган.

Китоб сўнггида тил ўрганишни осонлаштирувчи қўшимча қисмлар ҳам киритилган.

Китобда мустақил таржима қилиш учун Ўзбекистон ва унинг қадимий шаҳарлари, буюк тарихий шахслари тўғрисида қизиқарли маълумлар ҳам мавжуд.

Китоб сўнггида илк мартаба 2400 га яқин энг фаол қўлланадиган ўзбекча-инглизча мини-луғат ўрин олган. Улар турли дастурлар ёрдамида фаоллик даражасини текшириш асосида сараланган.

Яқин кунларда ушбу китоб дипломатик миссия кўмагида чоп этилади ва Мисрдаги кутубхоналар ҳамда Қоҳира университети талабалари ўртасидаги тарқатилади.

Мавзуга оид