Ўзбекистон | 17:35 / 25.10.2024
24506
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда туғилиш камайди, ўлимлар сони эса ошди  

Жорий йилнинг 9 ойида туғилган чақалоқлар сони 2023 йилнинг мос давридагидан 22 988 нафарга кам бўлди. Никоҳланишлар сони 179,4 минггача қисқарган. Бу охирги 8 йилдаги энг паст кўрсаткич. Эркакларнинг ўртача никоҳ ёши 27,4 ёшни, аёлларники 22,5 ёшни ташкил қилган.

Фото: Kun.uz

2024 йилнинг 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 млн 355,4 млн нафарга етган. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Умумий аҳолининг 50,4 фоизини эркаклар, 49,6 фоизини эса аёллар ташкил қилган.

2024 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси таркиби жинси ва ёш гуруҳлари бўйича (65 ёшгача бўлганлар 5 йиллик ёш интервалида, 65 ва ундан юқори ёшдагилар эса жамланган ҳолда) таҳлил қилинганда, эркаклар таркибида 5 ёшгача бўлган болалар энг юқори кўрсаткич – 2 млн 262,7 минг кишини ташкил этган. Эркаклар таркибида энг кам аҳоли сони 60-64 ёшлилар ҳиссасига тўғри келган – 657 минг киши. Шунингдек, аёллар таркибида ҳам 5 ёшгача бўлган қизлар энг юқори кўрсаткич – 2 млн 108,1 минг кишини ташкил этган бўлса, энг кам аёллар сони 60-64 ёшлилар ҳиссасига тўғри келган – 736 минг киши.

1 октябр ҳолатига 1 квадрат километрга ўртача 83,2 киши тўғри келган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 1,7 кишига кўп. Ҳудудлар бўйича қарайдиган бўлсак, аҳоли зичлигининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (6 мингг 909,6 киши), Андижон (801,3 киши) ва Фарғона(610 киши) вилоятида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Навоий вилояти (9,8 киши киши) ва Қорақалпоғистон Республикасида( 12,1 киши) кузатилган.

Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда 693,9 нафар туғилиш қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 716, 9 минг кишини ташкил этган. Ҳисобот даврида туғилишлар сони 3,2 фоизга қисқарган.

Энг кўп туғилишлар сентябр ойида юз берган бўлиб, бир ой ичида 48 422 нафар ўғил бола, 45 099 нафар қизлар дунёга келган.

Энг юқори туғилиш кўрсаткичи Сурхондарёда, лекин туғилиш коэффициенти 30,8 промилледан 29 промиллега тушган. Туғилиш кўрсаткичи энг паст ҳудуд Қорақалпоғистон, туғилиш коэфффициенти 21,8 промилледан 20,6 промиллегача секинлашган.

Мамлакатда ўлим ҳолатлари ҳам ўтган йилга нисбатан кўпайган. 2024 йил январ-сентябр ойларида вафот этганлар сони 131,7 минг кишини ташкил этди. Таққослаш учун, 2023 йилнинг мос даврида 129,7 минг киши оламдан ўтган.

Маълум бўлишича, вафот этганларнинг ўлимига асосан қон айланиш тизими касалликлари, бахтсиз ҳодисалар, ўсимталар, нафас олиш органлари касалликлари, овқат ҳазм қилиш органлари касалликлари сабаб бўлган.

Ҳисобот даврида 179,4 мингта никоҳ қайд этилган. Бу сўнгги 8 йилликдаги энг паст кўрсаткич. Шу давр ичида никоҳдан ўтган аёлларнинг ўртача ёши 22,5 да, эркакларники эса 27,4 да бўлган.

Мавзуга оид