Жаҳон | 19:59 / 25.10.2024
7397
2 дақиқада ўқилади

Зеленский БМТ бош котибини Киевда қабул қилишдан бош тортди

Бунга Антониу Гутерриш 23 октябр куни Қозонда ўтказилган БРИКС саммитига ташриф буюриб, Владимир Путин билан учрашгани сабаб бўлган.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг Қозондаги БРИКС саммитидаги иштироки учун Киевга ташрифини рад этди. Бу ҳақда AFP агентлиги Зеленский офисига таяниб хабар берди.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Қозондан кейин Гутерриш Украинага боришни истаган, аммо Зеленский унинг ташрифига тайёргарликни тасдиқламаган. «Шу боис Гутерриш бу ерда бўлмайди, хусусан, Қозонда соғлом фикр ва халқаро қонунлар камситилгани учун», — дейди AFP манбаси.

Украина президенти офиси Гутерришнинн Киевга ташрифи бекор қилинганига расман изоҳ бермади. БМТ ҳам мазкур ҳолат бўйича бирор муносабат билдирмади.

Антониу Гутерриш 23 октябр куни Қозонда ўтказилган БРИКС саммитига ташриф буюрди ва Владимир Путин билан учрашди. БМТнинг расмий пресс-релизида таъкидланишича, Гутерриш «Россиянинг Украинага бостириб кириши БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини тасдиқлаган» ва музокаралар ўтказилишини «тўлиқ қўллаб-қувватлаган». Аммо саммитдаги чиқиши давомида Гутерриш Россия томонидан халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ҳақида бирор гап айтмаган.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Гутерришнинг БРИКС саммитига ташрифини қоралаб, у Швейцариядаги биринчи тинчлик саммитида иштирок учун Киев таклифини рад этгани, бироқ «ҳарбий жиноятчи Путиндан» Қозонга таклифни қабул қилганини билдирди. «Бу тинчлик ўрнатишга кўмаклашмайдиган нотўғри танлов», — дейилади ТИВ баёнотида.

Мавзуга оид