Жаҳон | 20:34 / 27.10.2024
5735
2 дақиқада ўқилади

Филиппинга ёпирилган «Трами» тўфони оқибатида 110 киши ҳалок бўлди

Мамлакат президенти Фердинанд Маркос табиий офатдан жабр кўрган Манила жануби-шарқидаги ҳудудга ташриф буюрди.

Фото: Charism Sayat/AFP

Филиппинга ёпирилган «Трами» тропик тўфони натижасида юзага келган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 110 кишига етди. Бу ҳақда ҳукуматнинг табиий офатларга чора кўриш агентлигига таяниб, The Sun хабар берди.

Қайд этилишича, қурбонлар сони аввалроқ изоляцияда қолган туманлардан хабарлар келиши билан ошиб бориши кутилмоқда. Шунингдек, камида 42 киши бедарак йўқолганлар сафида қолмоқда.

Мамлакат президенти кичик Фердинанд Маркос табиий офатдан жабр кўрган Манила жануби-шарқидаги ҳудудга ташриф буюрди. У ҳукумат иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган сув тошқинларига қарши кураш бўйича йирик лойиҳа устида иш бошлашни режалаштираётганини маълум қилди.

Филиппинда тўфон 4,4 миллион аҳолига таъсир кўрсатган, юз минглаб инсонлар эвакуация марказларида қолмоқда. Бутун Лусон ороли ҳудудидаги мактабларда дарслар ва ҳукумат муассасалари фаолияти тўхтатилган. Транспорт инфратузилмасига зарар етган, жумладан, қатор рейслар бекор қилинган. Ўн мингга яқин одам Филиппиндаги портларда қолиб кетгани айтилмоқда.

Маълумот учун, Филиппинда 7 мингга яқин ороллар мавжуд бўлиб, у ерга ҳар йили 20 га яқин тўфон ёпирилади. «Трампи» 2024 йил бошидан бери кузатилган 11-тўфон ҳисобланади.

Фото: AFP
Фото: AFP
Фото: AFP
Фото: AFP
Фото: AFP
Фото: AFP
Фото: AFP
Фото: AFP
Фото: AFP

Мавзуга оид