Ўзбекистон | 20:17 / 29.10.2024
32304
10 дақиқада ўқилади

“Одамлар қийналишяпти” – бойсунликлар ҳукуматдан амалий ёрдам кутмоқда

Бойсуннинг Ширинобод маҳалласида яшовчилар кондан чиқаётган газнинг миқдори бир неча баробар ошганини, жойларда заҳарланишлар юзага келганини айтмоқда. Олдинда қиш, маҳаллий аҳоли бу йил мавсумни қандай ўтказиб олишдан хавотирда. “Энди бу қачон ёпилиши номаълум, ҳамма нарсани тўғри тушуниб турибмиз, ҳеч бўлмаса, чироғимизни бериб турсин”,– дейди Kun.uz билан суҳбатда бўлган бойсунлик.

Бойсуннинг “М25” газ конидаги 2-авария содир бўлганига 40 кундан ошди. У ерда ҳануз заҳарли газ чиқиши давом этяпти. Таркибида водород сульфиди юқори бўлган бу модда нафақат бутун Бойсун, балки бошқа ёндош туманларгача ҳам тарқаб улгурган.

Маҳаллий аҳоли масъуллардан ҳамон ёрдам, аниқ маълумот кутяпти. Kun.uz'га мурожаат қилган Ширинобод маҳалласи фуқаролари жойдаги вазият ҳақида гапириб берди.

“Газ ҳиди келса, ташқарига чиқа олмайман, диққатимни жамлай олмай қолдим охирги вақтда”

Ширинобод Бойсун туманининг кичик маҳаллаларидан бири ҳисобланади. Шу маҳаллада туғилиб, катта бўлган Каромтуллоҳ Эшонқулов кондаги вазият сабаб уйига боролмаётганини билдирди.

Газ ҳиди келса, ташқарига чиқа олмайман, диққатимни жамлай олмай қолдим охирги вақтда [ҳатто]. Мен-ку қутулиб, Тошкентга ўқишга келиб олдим, нечадир кундан кейин яна боришим керак. Ҳар якшанба, бозор кунлари бораман, лекин бу шанба куни газ ҳидидан кўнглим хижил бўлиб, бормадим. Худди бир қайнатилган тухумнинг, баъзида балчиқнинг ҳидидек келади. Одамнинг томоғидан уёғига ўтмайди, шундай ҳид келади, қусгингиз келади, лекин қусолмайсиз-да, энг қизиғи.

Ўзим кўрган ҳолат: қўшнимнинг қизи бронхиал астма, шу газ ҳидидан мазаси қочиб, тез ёрдам билан [шифохонага] кетди, кейин Тошкентга олиб келишди. Шундай ҳолатларни кўряпмиз, мактабларда болаларнинг мазаси бўлмай, ҳушдан кетиш ҳолатлари бўляпти, [уларнинг] касалхонага олиб борилган жараёнлари бор. У ерда газ ҳиди келса, одам ўзини йўқотиб қўяди, қанча мурожаат қилсак ҳам бефойда.

Санитария-эпидемиологиянинг “ҳаво талабларига мос, ҳаммаси яхши” деган хулосасини ёзиб беради, лекин мен шулардан шубҳам бор. Улар холислик билан ўрганмаяпти. Нафақат Бойсунга, бошқа туманларга ҳам ҳиди етиб боряпти. Улар ҳам мурожаат қилиб чиқяпти, олдин мурожаат йўқ эди, қўрқишаётганди. Ҳозир одамларда қўрқув йўқ, чунки жонидан ўтиб боряпти”, – дейди у.

Давлатнинг мансабдор шахслари келиб, ҳақиқатни айтиб кетсин, биз ҳаммасига розимиз”

Ширинободда яшовчи новвой Қурбонали Холмуродов ҳам заҳарли газ исталган вақтда келаётганини, одамлар танасида меъёрдан ортиғини ҳис қилаётганини айтмоқда.

Газнинг ҳидидан олдингига қараганда заҳарланиш жуда юқори бўляпти. Бир ногирон қизчам бор, астмаси бор, бўлмаса яқинда Тошкентда даволатиб олиб келган эдим. Шу яқиндан бошлаб аллергия бериб, кўзлари қизариб, нафас олишга қийналиб қолди. Тошкентдан келганига 4-5 кун бўлганди.

Мана шу соат 12 дан 2 гача чироқни ўчиряпти, айнан шу вақтда ўта заҳарли босим билан газ атмосферага тарқаляпти. Энди бир қари бор, касали оғирлар бор, нафас олишга қийналадиганлар бор – улар вентилятор ёқиб, тоза ҳаво топиши керак бўлса, кондиционер керак бўлса, нима қилиши керак? Касалхонага бориб, ингаляция оламан десангиз ҳам чироқ йўқ-ку, Бойсун туманида 12 дан 2 гача чироқ йўқ, бу ҳолат 1 сентябрдан бери давом этиб келади. “Юқорида турганлар” нима сабаб бу билан қизиқмаяпти, бизга шу қизиқ туюляпти.

Майли, келинг, бу ҳодисани бартараф қила олмас экан, бошқа қила олмас экан, менинг қизимга ўхшаш астмаси, аллергияси, ногиронлиги борлар [нима қилсин?] Майли, ҳаммага бермасин, биз ҳам то ногирон бўлгунча яшайверамиз. Шу ногиронларни кўриб, қандайдир компенсация беришадими, ERIELL билан Ўзбекнефтгаз бўйнига олиб, моддий ёрдам қилиб турадими?

Энди бу қачон ёпилиши номаълум, ҳамма нарсани тўғри тушуниб турибмиз, атмосфера босими кучли экан, ёпа олмас экан, ҳеч бўлмаса, чироғимизни бериб турсин, битта оддий халқнинг инсони сифатида мен ўзим 1 сентябрдан ҳозиргача тортган жабримни очиқ, оддий гаплар билан баён қилиб беролмайман, тўғриси. Чунки қизим мана шу Бойсун туманининг ўзида 2 кун кислород [қурилмасидан нафас олиб] ётди. Бу нарса билан ҳеч ким қизиқмайди, буни фақат ота ёки она, бувиси ва бобоси ҳис қилади, “тепадагилар” ҳис қилолмайди.

Мен 27 cентябргача новвойхонамнинг эшигини ҳам очолганим йўқ, чунки фақат шу қизим билан овора бўлиб, эл-улусдан қарз олиб, Тошкентга бориб ётқизиб, ўзига келтириб келдим, энди мана келганига 4-5 кун бўлгани йўқ, яна шу ҳолатда.

Қўлида мансаби бор, давлатнинг мансабдор шахслари келиб, ҳақиқатни айтиб кетсин, майли биз ҳаммасига розимиз, ҳақиқатни айтсин. Кимгадир босим ўтказиб туриб, унинг яхши гапларини республикага тарқатмасин-да. Шундай 1-1,5 соат ичида интервю олиб кетиш, у газнинг ҳидини ҳис қилдим, шу ҳолатни кўрдим кўзим билан, шу атрофда яшадим дейиш билан иш битмайди. 24 соат бола-чақаси билан келиб, яшаб ҳис қилсин, у ўзгача бўлади”,– дейди Холмуродов.

Қишда нима қиламиз деган савол бўлиб турибди”

Каромтуллоҳ Эшонқуловга кўра, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 6 октябр куни “Лолазор”да “Бойсунда вазият ваҳима қиладиган даражада эмас”лигига оид чиқишида маълумотлари ёлғон бўлган. Эшонқуловга кўра, асл вазият бошқача.

Лолазор” подкастида [энергетика] вазири “Бойсунда яшадим, оқсоқоллари билан гаплашдим” деди, у оқсоқоллар билан гаплашгани йўқ, у ҳокимиятнинг дуогўйлари билан гаплашган. Халқ билан гаплашгани йўқ, ҳокимиятнинг буюртмачилари билан гаплашган. Бу очиқ-ойдин алдаш. Газнинг олдига шундай боради, оёғини бундай босиб ёполмайди, у ерда мутахассислар қандай лойиҳани олиб келади, шундай кўриб меҳмонхонада жой ажратилган бўлса, ётади келади. Ким билан суҳбат қилган, бошқа биланми ёки?

Ҳар кунлик маълумотни бериб борсин, “бугун конда аҳвол яхши, газ камроқ чиқади ёки кўпроқ чиқади” деган талқинда ёзиб борсин. Энергетика вазири бунинг иложи йўқ деяпти, нимага иложи йўқ, битта телеграм каналдан бериб бориш осон-ку, бир матбуотчига ойлигини бериб қўйса, ҳар кунлигини ёритади. Битта телеграм каналдан ҳамма билади. “Бунинг иложи йўқ, жисмонан улгурмаймиз” деган гапларни ёлғондан бўрттириб нима қилади? Очиқ-ойдин айтсин, дангал айтсин, машмаша қилиб ётмасин. Қўлидан келмаяптими, эплолмаяптими, ишдан кетсин. Бизга бундай одам керакмас.

Баъзи ОАВ бориб, бошқа нарсаларни, ёлғон маълумотларни ёритиб келади. Қарасангиз, ҳокимиятнинг бир дуогўйлари бор, ўша дуогўйларидан бориб, репортаж тайёрлаб келади. ОАВ бўлганидан кейин халқнинг ичига кирсин, кўчирилганларнинг олдига борсин, мактаб ёки коллеж ётоқхонасида ётганларнинг олдига борсин, қандай экан? Улар ҳақиқатни айтади, касалхоналарга боришсин, ҳақиқатни айтишади. [Одамлар] қийналиб ётишибди, лекин овқати, бошқаси бериляпти. Лекин барибир ҳеч кимнинг ўзининг уйидек бўлмайди.

Уларнинг баъзилари чорвачилик билан шуғулланади, ҳозирда уларда қишда нима қиламиз деган савол бўлиб турибди. Чунки Бойсуннинг Ширинобод, Бибиширин, Пасурхи, Кўшкак, Авлод, Сариосиё маҳаллалари газ билан таъминланмаган, газ йўқ, уларнинг ҳаммаси кўмир ёки таппи ёқади. Кофрун билан Работ ҳам худди шундай маҳалла. [Кўчганлар] ётиб турган жой ҳам газлашмаган, улар қишда қандай иситишади, бунинг устига ҳозир кўпчилик бўлиб яшашяпти.

Аҳвол оғир, “Атмосферани муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун бизга келганда ишламайди негадир. Нега шу инвесторга жиноий иш очилмайди. Барча мансабдорларга мана шу савол, Бош прокуратура жиноий иш очиши керак эди, нимага очмаяпти? Кўчада озгина хазонни ёқсангиз ҳам келиб жарима қилишади, лекин шунча газ бизнинг атмосферамизни бузяпти, аммо ҳеч ким келиб бир оғиз “бирор нарса қилайлик” демади.

Қайсидир мансабдорми, бош вазир бўладими ёки энергетика вазирими, уларни уйимда меҳмон қиламан, ҳаммасини “яхши” дейишган, қайсидири бўлса ҳам борсин уйимга, яшаб кўришсин, танасида бир ҳис қилиб кўрсин-чи, қандай экан? Мен бир хонамнинг деразасини очаман, хона газ ҳидига тўлганда қайтиб ёпаман. Ўша ерда яшашсин, қани қанча тура олишади, қанча чидашади?

Бизнинг Бойсун туманимизнинг тоза атмосфера ҳавосини қайтариб беришса бўлди, у газ конини йўқотишсин. У газ конидан бизга фойда йўқ”, – дейди у.

Ҳозирча кўпчиликнинг эътиборидан четга чиқиб қолган Бойсундаги вазият шундай. “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони атрофидан кўчирилганларнинг қишни қандай ўтказиши номаълум.

Эслатиб ўтамиз, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов тузилган режа бўйича конни жиловлаш учун камида яна 2–3 кунлик тайёргарлик ишлари қолганини, қўшимча ускуналар олиб келингани ва уларни ўрнатиш жараёни кетаётганини айтганди. Агар бу сценарий иш бермаса, бу яна 2–3 ой вақт олишини билдирганди.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчилар: Абдуқодир Тўлқинов,
Шоҳруз Абдурайимов.

Мавзуга оид