ССВ ўзбекистонликларга пиёда юриш фойдаларини эслатди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эрталаб ишга кетишда ва ишдан қайтишда пиёда юришга одатланишни тавсия қилган. Вазирликка кўра, ҳар куни пиёда юришни одат қилиш шамоллаш ва юрак касалликларини енгишга ёрдам беради.
ССВ инсон ўзини ҳар томонлама соғлом ҳис қилиши ва ташқи кўриниши чиройли бўлиши учун пиёда юриш муҳимлигини эслатган.
“Яёв юрилганда гавданинг барча мускуллари ҳаракатга келади. Қолаверса, бу машғулот ички органлар фаолиятига ҳам ижобий таъсир этади. Натижада организмда моддалар алмашинуви яхшиланиб, юрак томирлари, шунингдек, нафас ва асаб тизими мустаҳкамланади”, – дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, эрталаб ишга кетадиган пайт пиёда юриш ҳам жуда фойдали. Бу вақтда инсон кечаси ухлаб, дам олгани сабабли тўхтамай 30-40 дақиқа бемалол яёв кеза олади. Вазирлик ишхонадан чарчаб чиққандан кейин ҳам автобус ёки автомашинага чиқмай, йўлнинг бир қисмини пиёда босишни тавсия қилган.
ССВ пиёда юришнинг қуйидаги фойдаларини санаган:
– бир кунда 4 маротаба 10 дақиқадан пиёда юришни одат қилиш қон босимини меъёрда тутади;
– тез-тез қадамлар билан кунига 120 қадам юрилса, 15 дақиқада 100 ккалдан халос бўлиш мумкин;
– ҳар куни 20 дақиқа пиёда юриш асабий иш кунининг “юк”ларидан халос бўлишга ёрдам беради;
– чекишни ташлашни истаганлар ҳам чеккиси келганда 20 дақиқа пиёда юрса, хоҳиш айни шу дақиқаларда ўз-ўзидан йўқолади;
– ўт пуфаги ва ичакларнинг тўлқинли ҳаракатлари ошиши туфайли ўт қопида тош пайдо бўлиши ва қабзиятнинг олдини олади;
– доимий пиёда юрган инсонлар шамоллашни тезроқ енгиб ўтади. Чунки у иммунитетни мустаҳкамлайди;
– ҳар куни 1 соат давомида пиёда сайр қилган кишилар юрак хасталикларига камроқ дучор бўлади. У юрак-қон томирлар тизими – вегетатив асаб тизими ҳолатига таъсири орқали қон босимини камайтиради, юрак фаолиятини яхшилайди.
Мавзуга оид
11:19 / 24.12.2024
Атиги минг қадам юриш депрессия хавфини камайтириши мумкин – тадқиқот
21:32 / 29.05.2024
«Ядровий тиббиёт имкониятлари инсон тана аъзоларининг аниқ ҳолатини ўрганишга имкон беради» – эксперт
14:20 / 21.08.2023
Бир кунда неча қадам ва қанча вақт пиёда юриш керак?
19:42 / 12.11.2021