Ўзбекистон | 18:50 / 29.10.2024
37787
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки талаба таксичини ўлдириб, машинасини олиб қочмоқчи бўлди

18 ва 20 ёшли йигитлар ярим тунда Yandex мобил иловаси орқали такси чақирган ва манзил сифатида Янгийўл тумани ҳудудидаги очиқ дала майдонини кўрсатган. Манзилга борганда эса ҳайдовчига пичоқ билан ҳужум қилишган. Воқеа жойига Янгийўл туман ИИБ ходимлари келиб қолиши ортидан улар жиноятни охирига етказа олмаган.

Фото: Kun.uz

Тошкентда такси ҳайдовчисига ҳужум қилиб, унинг машинасини олиб қочмоқчи бўлган икки талаба жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 2006 йилда туғилган Д.М. Тошкент давлат иқтисодиёт университети 1-сонли академик лицейида, 2004 йилда туғилган З.М. эса Тошкент ахборот технологиялар университетида таҳсил олган. Уларнинг иккиси ҳам Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан бўлган.

Ўсмирлар бирор машинани босқинчилик йўли билан эгаллаш ва олиб қочиш бўйича жиноий режа тузишган. 2024 йил 27 апрел куни соат 23:30 атрофида жиноий режани амалга ошириш учун “Олмазор” метро бекати ёнига келишган. Бу ерда улар Yandex мобил иловаси орқали Тошкент вилояти Янгийўл тумани Чаманзор маҳалласи локациясини кўрсатган ҳолда таксига буюртма беришган.

Буюртма бўйича ҳайдовчи Ч.А. Lacetti машинасида етиб келган ҳамда Д.М ва З.М.ни кўрсатилган локацияга – М39 магистрал автомобил йўли орқали Янгийўл туманидаги очиқ дала майдонига олиб борган. Манзилга етиб боргач машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган Д.М. ҳайдовчига тўсатдан ҳужум қилиб, унинг бўйнига пичоқ билан бир марта урган. Зарбадан кейин Ч.А. қаршилик кўрсатишни бошлаган. Уни машинадан чиқармаслик мақсадида Д.М. бўйнидан бўғиб, З.М. эса қўлларидан ушлаб турган.

Шу вақтда уларнинг ҳаракати автомобил йўлидан ўтиб кетаётган Янгийўл туман ИИБ ходимлари эътиборига тушган. ИИБ ходимлари воқеа жойига етиб келиб, талаба йигитларни ушлаган. Шу сабабли, ўсмирлар жиноятни ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олмаган.

Д.М. суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, бу ишни қарзи борлиги ва пулга муҳтожлиги сабабли қилганини айтган.

Ҳайдовчининг бўйин соҳасига пичоқ билан бир марта урдим ва уни бўғиб олдим. Сўнг унга оғир шароитга тушиб қолганимни ва қарзим борлигини тушунтирдим, муаммоларимни гапирдим. Бўйнидан оқаётган қонни тўхтатишга ҳаракат қилдик, ҳатто касалхонага олиб боришни таклиф этдик. У эса уйига олиб бориб қўйишимизни сўради.

Шу орада 15-20 минут вақт ўтди ва Matiz машинасида ИИБ ходимлари келиб қолди. Жабрланувчини ўлдириш мақсадим бўлмаган”, деган у ўз кўрсатмасида.

Жабрланувчи Ч.А. суддаги кўрсатмасида йигитларда уни ўлдириш мақсади бўлмаганини, чунки уларда бунинг учун вақт ва имконият бўлганини, лекин ўлдиришга ҳаракат қилмаганини билдирган.

Д.М. ва З.М.ни машинага миндириб, М39 автомобил йўли орқали 14 километр юрдим. Сўнгра кўрсатилган локация бўйича Янгийўл тумани Чаманзор маҳалласидан ўнг томонга очиқ дала ичига тахминан 200 метр кирдим. Ўзаро суҳбатда улар таниши қулупнай теримига чақирганини, у ҳозир келиб йўлкира ҳақини беришини айтди. Бироз вақт ўтгандан кейин орқа ўриндиқда ўтирган Д.М. кутилмаганда бўйнимга пичоқ санчиб олди. Эшикни очиб тушмоқчи бўлдим, лекин Д.М. бўйнимдан бўғиб олди ва З.М.га уришни буюрди. Кейин билишимча З.М. тош билан уриши керак бўлган экан, лекин у урмади, фақат қўлимдан ушлаб ўзига тортди.

Кўп қон йўқотганим учун бошим айланиб, кучсизланиб қолдим ва қаршилик кўрсата олмадим. Д.М. менга қарзи борлигини, пулга муҳтожлигини, машинани олиб кетиши зарурлигини айтди. Сўнгра мени олд йўловчи ўриндиғига ўтказиб, бўйнимдан оқаётган қонни артди. Ҳатто касалхонага олиб боришни таклиф қилди.

Судланувчиларда мени ўлдириш мақсади бўлмаган деб ҳисоблайман. Чунки уларда бунинг учун вақт ва имконият бўлди, лекин ўлдиришга ҳаракат қилишмади”, дея маълум қилган ҳайдовчи.

Суд ҳукми билан Д.М. ва З.М. Жиноят кодекси 25,267-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Д.М.га жиноятни содир қилган пайтида 18 ёшга тўлмагани сабабли 7 йил, З.М.га эса Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид