Ўзбекистон | 16:59 / 02.11.2024
10458
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ўқувчиларни калтаклаган мактаб директори ишдан олинди

Ҳолатни ўрганган ишчи гуруҳ мактаб директори ўқувчиларга нисбатан педагогик этика қоидалари доирасида муносабатда бўлмаган деб топди. Директор синфда пиротехника воситаларидан фойдаланган ўқувчиларнинг бошига урган. 

Фото: Видеодан кадр

Ўқувчиларни калтаклаган Олтинкўл туманидаги 38-умумтаълим мактаби директори лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур мактаб 1954 йилда қурилган ва 2006 йилда жорий таъмирдан чиқарилган. Бугунги кунда 370 ўринга мўлжалланган таълим муассасасида 475 нафар ўқувчи 39 нафар педагогдан таълим-тарбия олиб келмоқда.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат 30 октябр куни соат 14:30лар атрофида мактаб синфхонасида содир бўлган. Мактаб директори М.М. синфда пиротехника воситаларидан фойдаланган бир гуруҳ ўқувчиларни тартибга чақириш жараёнида уларнинг айримларини калтаклаган. 

“Мазкур ҳолатда мактаб директори М.М. ўқувчиларга нисбатан педагогик этика қоидалари доирасида муносабатда бўлмагани сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, ҳозирда ҳужжатлар расмийлаштирмоқда”, дейилади бошқарма муносабатида. 

Эслатиб ўтамиз, Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилганди.

Мавзуга оид