Жаҳон | 22:34 / 04.11.2024
5425
2 дақиқада ўқилади

Британия қироли Чарлз III ўз укасини таъминот пулларидан маҳрум қилмоқчи

Акаси билан келишмовчилик туфайли шаҳзода Эндрю нафақат бошқа уйга кўчиб ўтиб, таъминот пулларидан айрилади, балки Британия қироллиги маблағлари ҳисобидан тўланадиган қўриқчиларидан ҳам маҳрум бўлади.

Фото: AP

Буюк Британия қироли Чарлз III ўз укаси шаҳзода Эндрюга ҳар йили тўланадиган таъминот пулларини тўхтатишни буюрди. Энди Йорк герцоги шахсий харажатлари, шунингдек, қўриқчилари учун ажратиладиган 1 миллион фунт стерлингни ололмайди.

Қироллик биографи Роберт Хардман «Чарлз III. Янги қирол. Янги сарой. Ичкаридан назар» номли китобининг янги нашрида ёзишича, қирол шаҳзода Эндрю ўз қароргоҳи — Роял-лодж қўрғонидан Виндзорга кўчиб ўтишини хоҳламоқда. Биографнинг сўзларига кўра, шу орқали қирол онаси — қиролича Елизавета II нинг истагини рўёбга чиқариш ниятида.

Манбанинг қўшимча қилишича, агар Елизавета яна бир йил умр кўрганида, унинг ўзи Эндрю уйини тарк этиб, аввалроқ шаҳзода Гарри ҳамда унинг рафиқаси Меган яшаган Фрогмор-коттежга кўчиб ўтишни буюрган бўларди. Роял-лодж шаҳзода Эндрюнинг қизлари — малика Беатриса ва Евгенияга мерос бўлиб қолиши мумкин.

Акаси билан келишмовчилик туфайли шаҳзода Эндрю нафақат бошқа уйга кўчиб ўтиб, таъминот пулларидан айрилади, балки Британия қироллиги маблағлари ҳисобидан тўланадиган қўриқчиларидан ҳам маҳрум бўлади.

Daily Mail маълумотларига кўра, шаҳзода Эндрю «халқаро савдо соҳасидаги танишлари орқали бошқа даромад манбаларини» топишга муваффақ бўлган ва бу унинг барча харажатларини қоплашга етади.

2019 йилда Эндрю америкалик миллиардер Жеффри Эпштейн билан алоқалари сабаб оммавий мажбуриятларини бажаришдан озод этишларини сўраган эди. 2022 йилда Елизавета II нинг қарори билан шаҳзода Эндрю, шунингдек, фахрий ҳарбий унвонларидан ҳам маҳрум этилган.

Миллиардер Жеффри Эпштейн 2019 йил июлда Ню-Йорк ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланган ва қатор жиноятларни содир этишда айбланганди. Ўша йилнинг августида Эпштейн Манхэттендаги қамоқхонада ўз жонига қасд қилган.

Мавзуга оид