Тайван РФга дастгоҳлар етказиб бериш тўлиқ тўхтатилганини маълум қилди
Тайван Иқтисодиёт вазирлиги қатъий экспорт назорати қоидалари туфайли Россияга дастгоҳлар етказиб беришни тўлиқ тўхтатганини эълон қилди. Бундай таъминот бўйича қатор суриштирувлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан кейин бу чоралар кўрилди.
Тайван Иқтисодиёт вазирлиги 1 ноябр, жума куни Россияга ҳарбий корхоналарда қўлланиши мумкин бўлган дастгоҳлар етказиб бериш бутунлай тўхтатилганини эълон қилди. ОАВда бундай жўнатмалар бўйича қатор текширувлар эълон қилинганидан кейин экспорт назорати қоидалари кучайтирилди.
Хусусан, Россия Федерацияси ва Беларусга нисбатан қўлланган санкцияларни бирламчи бузганлик учун жарима миқдори сезиларли даражада оширилди — 1 миллион Тайван доллари (тахминан 31 100 АҚШ доллари). Бундан ташқари, Иқтисодиёт вазирлиги ишлаб чиқарувчилар билан «фаол тушунтириш ишлари» олиб борилаётгани, уларни қонунчиликка риоя қилишга ва маҳсулотларнинг якуний оқимини назорат этишга чақираётгани ҳақида хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, бу аллақачон ўз натижаларини берди ва Тайвандан Россияга дастгоҳлар экспорти ҳажми «нолгача тушди».
Германияда Россияга дастгоҳлар яширинча етказиб берилгани фош қилинди
Россияга қарши жорий этилган санкцияларга қарамай, бу мамлакатга ўқ-дорилар ёки транспорт воситалари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкин бўлган немис дастгоҳлари келишда давом этмоқда. Бу ҳақда Германиянинг SWR телекомпаниясининг 10 октябр куни божхона ҳужжатлари, шунингдек, фотосуратлар ва видеолар таҳлил қилинган суриштирувида айтилади.
2023 йилда Украинага қарши урушни давом эттираётган Россия санкцияларни четлаб ўтиб, немис ишлаб чиқарувчиларидан 300 дан ортиқ компютерда бошқариладиган автоматлаштирилган машиналарни олди, дея хабар беради журналистлар божхона ҳужжатларига таяниб. Бундай машиналар тўлиқ автоматик равишда, масалан, пўлатни кесиш, металл плиталарни эгиш ёки металл қисмларни пайвандлаш имконини беради. Материал муаллифларининг фикрига кўра, ушбу рақамли дастурий бошқарув машиналарисиз автомобиллар, самолётлар ва ўқ-дориларни ишлаб чиқаришни «деярли тасаввур қилиб бўлмайди».
Журналистлар Украина Иқтисодий хавфсизлик кенгашининг катта таҳлилчиси Елена Юрченконинг маълумотларига таяниб, Россиядаги рақамли дастурий бошқарув машиналарининг 80 фоизи ҳозирда ҳарбий ишлаб чиқариш учун ишлатилишини билдирди. «Рақамли дастурий бошқарув машиналари билан улар жуда тез ва аниқроқ ишлаб чиқаришлари мумкин, бу айниқса қурол саноатида жуда муҳим, бу уларга янада ҳалокатли қуролларни ишлаб чиқариш имконини беради. Германия эса бу дастгоҳларни ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади, унинг Россия бозоридаги улуш 30 фоизгача», — деди украиналик эксперт.
Мавзуга оид
15:55
The Insider: РФ олигархлари санкциялар остида ҳам ЕИда пул ишлашяпти
15:20
Абхазия «маъмурияти»: РФ электр энергияси етказиб беришни бошлайди
12:19
Украина омбудсмани: РФ аскарлари ҳарбий асирларни отиб ташлади
20:35 / 21.12.2024