Жаҳон | 16:50 / 05.11.2024
3412
2 дақиқада ўқилади

КХДР Япон денгизи томон еттита баллистик ракета учирди

Қисқа масофага мўлжалланган ракеталар 100 километр баландликка кўтарилган, парвоз узоқлиги 400 километрни ташкил этган. Япония, АҚШ, шунингдек, «Катта еттилик» давлатлари ракеталар учирилишини қоралади.

Фото: AP

Шимолий Корея қўшинлари Япон денгизи томон қисқа масофага мўлжалланган бир нечта баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Япония Мудофаа вазирлигига таяниб Kyodo агентлиги хабар берди.

Япон ҳарбийларининг маълум қилишича, КХДР 5 ноябр куни соат 07:30 дан 07:39 га қадар камида еттита ракета учирган. Улар 100 километр баландликка кўтарилган, парвоз узоқлиги 400 километрни ташкил этган. Ракеталар Япония иқтисодий зонасидан ташқарига, Корея яриморолининг шарқий қирғоқлари атрофидаги сувларга қулаган. Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, ракеталар денгизга келиб тушган.

Япония, АҚШ, шунингдек, «Катта еттилик» давлатлари ракеталар учирилишини қоралади. Япония ҳукумати ушбу «ҳаракатлар мамлакат, минтақа ва жаҳон ҳамжамияти тинчлиги ҳамда хавфсизлигига таҳдид туғдираётгани»ни, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини бузаётганини маълум қилди.

КХДР ҳукумати ҳозирча ракеталар учирилгани тўғрисидаги хабарларга ҳеч қандай изоҳ бермади.

КХДР 31 октябр куни қитъалараро баллистик ракета синовини амалга оширганди. Ракета 87 дақиқа парвоз қилиб, Хоккайдо оролидан 200 километр узоқликка бориб тушган. Япония ҳукуматига кўра, ракета 7 минг метр баландликка қадар кўтарилган, парвоз узоқлиги эса 1000 километрни ташкил этган. Корея Марказий телеграф агентлиги баёнотида айтилишича, синов парвози «стратегик ракеталар кучи рекордини янгилаган».

Мавзуга оид