Жоржия штатида таҳдидлар туфайли сайлов участкалари вақтинча ёпилди
АҚШда мамлакатнинг 47-президенти сайланмоқда. Республикачи Доналд Трамп ва демократ Камала Ҳаррис давлат раҳбари лавозимига даъвогарлик қилмоқда.
Портлашлар ҳақида ёлғон таҳдидлар туфайли Жоржия штатининг Фултон округидаги иккита сайлов участкаси тахминан 30 дақиқага ёпилди. Ичкаридаги одамлар эвакуация қилинган. Штат Давлат котиби, республикачи Брэд Раффенспергер сайлов куни Россиянинг аралашуви ҳақида эълон қилди.
«Улар ёмон нарсалар ҳақида ўйлаётганга ўхшайди. Улар бизда силлиқ, адолатли ва тўғри сайловлар ўтказишимизни хоҳламайди, ва агар улар бизни ўзаро курашга мажбурлай олса, буни ғалаба деб ҳисоблашлари мумкин», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги.
Ўз навбатида, ФТБ бир қанча штатлардаги сайлов участкаларида ёлғон бомба таҳдидлари ҳақида хабардор эканини маълум қилди. Бу хабарларнинг аксарияти Россия электрон почта доменларидан юборилган, дейилади баёнотда. Биргина Жоржия штатида сайлов куни йигирмадан ортиқ ёлғон бомба таҳдидлари келиб тушди, уларнинг аксарияти Фултон округида, деди ФТБ вакили.
ФТБ сайлов мавзусида сохта видеоёзувларни аниқлади
Федерал тергов бюроси сайлов участкаларида террорчилик ҳужумлари хавфи юқорилиги сабабли идора номидан масофадан туриб овоз беришга чақирилганини рад этди. Интернетда эълон қилинган видео ФТБ логотипига қарамай, сохта, дея тушунтирди агентлик. Видео «ҳозирги таҳдид ёки сайлов участкаларидаги хавфсизлик ҳолатини тўғри акс эттирмайди», дейилади Федерал тергов бюроси баёнотида.
Идора унга тегишли экани айтилган бошқа видеони ҳам рад этиб чиқди. Ёзувда Аризона, Жоржия ва Пенсилвания штатларидаги бешта қамоқхона расмийлари сиёсий партия билан маҳбусларнинг овозларини сохталаштириш мақсадида тил бириктирганликлари ҳақида агентлик сохта пресс-релизи мавжуд.
«ФТБ фаолияти ва таҳдидларни баҳолаш тўғрисида ёлғон контент орқали жамоатчиликни алдашга уринишлар бизнинг демократик жараёнимизга ва сайлов тизимига бўлган ишончга путур етказишдир», дея таъкидлади идора.
АҚШ Конгресси ташриф буюрувчилар марказида ўқотар қуролли киши ҳибсга олинди
Вашингтондаги АҚШ Конгресси ташриф буюрувчилар марказида ўқотар қурол ушлаб олган одам қўлга олинди. Полициянинг X ижтимоий тармоғидаги маълумотларига кўра, у текширув учун тўхтатилган. Ундан ёнилғи ҳиди келган, қўлида фонар ва сигнал берувчи тўппонча бор эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ишлаётганда ташриф буюрувчилар маркази ёпилди, сайлов куни АҚШ пойтахтида хавфсизлик чоралари сезиларли даражада кучайтирилди.
Мавзуга оид
10:19 / 03.12.2024
Руминияда президентлик сайловлари биринчи тури натижалари тасдиқланди
15:11 / 02.12.2024
Исландиядаги сайловларда социал-демократлар ғалаба қозонди
10:42 / 02.12.2024
Руминияда сайловлар: ҳукмрон социал-демократлар етакчилик қилмоқда
13:19 / 29.11.2024