Жамият | 07:40 / 06.11.2024
14144
1 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида кўчки содир бўлди

Кўчки йўлнинг хандақ қисмига тушган бўлиб, ҳаракат хавфсизлигига таъсир этмаган. Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.

Фото: ФВВ

Жорий йилнинг 6 ноябр куни соат 4:55 ларда А-373 автомобил йўлининг Қамчиқ довони ҳудудидан ўтувчи 238,5-километрида кўчки юз берди.

ФВВ хабарига кўра, «Водий — Тошкент» йўналишида тоғ қиялигидан ёғингарчилик натижасида намланиш ҳисобига номустаҳкам тош — тупроқ аралашмаси кўчкиси кузатилган.

Кўчки йўлнинг хандақ қисмига тушган бўлиб, ҳаракат хавфсизлигига таъсир етмаган. Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.

Воқеа жойида «Қамчиқавтойўл» ИЙФУК куч ва воситалари билан кўчки массалари тозаланган.  «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси ва ЙПХ отряди ходимлари автомобил йўлида хавфсизлик чораларини кўришган.

Довон орқали ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан хавфли участкаларда транспорт воситаларини тўхтатмаслиги ҳамда огоҳлантирувчи ва тақиқловчи белгиларга риоя этиш сўралган.

Мавзуга оид