Жаҳон | 16:02 / 13.11.2024
1288
4 дақиқада ўқилади

COP29'да CO2'га сертификатларни сотиш қоидалари келишиб олинди

Озарбойжон экология вазири Бобоев COP29'да эмиссион сертификатларининг глобал савдоси қоидалари тўғрисидаги келишувни «мисли кўрилмаган ютуқ» деб атади.

Фото: AP / Sergei Grits

11 ноябр, душанба куни Озарбойжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси иштирокчилари томонидан CO2 ташламаларига сертификатларнинг глобал савдоси бўйича асосий қоидалар тўплами келишиб олинди.

Бу қадам 2015 йилда иқлим бўйича Париж келишуви тузилганидан бери кутилаётган муҳим механизм ишга туширилишини англатади, деб хабар беради AFP. Озарбойжон экология ва табиий ресурслар вазири Мухтор Бобоев эришилган натижаларни «мисли кўрилмаган ютуқ» деб атади ва шу билан бирга, эмиссион сертификатлар савдосини тартибга солиш бўйича қўшимча ҳаракатлар зарурлигини таъкидлади.

Бокудаги COP29 иштирокчилари

Бу йил БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси Бокуда 51 мингга яқин иштирокчини жамлади. Бу Дубайда ўтган йилги форумдан сезиларли даражада кам. Хусусан, G20 аъзоси бўлган барча мамлакатларнинг ҳам раҳбарлари тадбирга келмади, гарчи атмосферага чиқарилаётган парник газларнинг 80 фоизига айнан шу ташкилот давлатлари биргаликда масъулдир.

Хусусан, Германия ҳукумати коалицияси парчаланганидан кейин асосий вазифаси Германия ичида келишувга эришиш бўлган ГФР канцлери Олаф Шолц конференцияда иштирок этишдан бош тортди. Бокуда Германия томонидан ташқи ишлар вазири Анналена Бербок, Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги раҳбари Свеня Шулце, шунингдек, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги раҳбари Штеффи Лемке иштирок этмоқда. 

Германия ҳукуматининг иқлим бўйича ваколатли вакили Женнифер Морганнинг 11 ноябр куни айтганидек, унга Берлин томонидан COP29'да Германия позициясини тақдим этиш учун «кенг қамровли мандат» берилган. «Биз ўз мажбуриятларимизни бажаришда давом этамиз», дея қўшимча қилди у.

Январ ойида Оқ уйни тарк этадиган АҚШ президенти Жо Байден ҳам Озарбойжонга келмади. Айни пайтда АҚШнинг иқлим бўйича элчиси Жон Подеста конференция иштирокчиларини Вашингтон ушбу муаммога шубҳали муносабати билан танилган АҚШнинг 47-президенти Доналд Трамп инаугурациясидан кейин ҳам иқлимни муҳофаза қилиш йўлида курашни давом эттиришига ишонтирди.

Ўз навбатида, COP29'да иштирок этаётган Буюк Британия бош вазири Кир Стармер X микроблогида ўз ҳукумати «иқлим хавфсизлиги миллий хавфсизлик эканлигига ишонч ҳосил қилганини» таъкидлади.

Иқлим ҳимоясини молиялаштириш масаласи

Озарбойжондаги форумда муҳокама қилинаётган муҳим мавзулардан бири иқлимни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни келгусида молиялаштириш масаласидир. Мутахассислар бу борадаги чора-тадбирларни молиялаштириш заруратини йилига камида бир триллион АҚШ доллари (конвертация қилинганда: 0,94 триллион евро) деб ҳисобламоқда. Айрим кузатувчилар бу кўрсаткични 2,4 триллион доллар (2,2 триллион евро) деб айтишган. Ушбу ҳисоб-китоблар нафақат давлат, балки иқлимни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларга хусусий сармояларни, хусусан, кредитларни тўлаш учун зарур бўлган маблағларни ҳам ҳисобга олади.

2025 йилгача иқлимни молиялаштириш бой, саноати ривожланган мамлакатларнинг йилига камида 100 миллиард доллар (93,29 миллиард евро) сарфлаш мажбурияти орқали таъминланади.

Германия ва бошқа бир қатор саноати ривожланган давлатларнинг позицияси шундан иборатки, Хитой ва Форс кўрфази давлатлари каби ўтиш давридаги иқтисодиётга эга бўлган бой давлатлар келажакда иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришда иштирок этишлари керак.

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси 22 ноябрга қадар давом этади. Кузатувчилар унинг режадан ташқари узайтирилишини истисно қилишмаяпти.

Мавзуга оид