Ўзбекистон | 09:38 / 14.11.2024
2409
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЖСТ экспорт субсидияларини бекор этишни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев COP29 конференцияси доирасида ЖСТ бош директори билан учрашди. Улар Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилишидаги долзарб жиҳатлар, хусусан, аъзо мамлакатлар билан музокаралар, қонунчиликни мослаштириш, шунингдек, экспорт субсидияларини бекор қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Боку шаҳрида ўтаётган иқлим бўйича СОР29 конференцияси доирасида 13 ноябр куни Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди

Томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масалаларида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқди.

Жумладан, ишчи гуруҳ йиғилишларини ўтказиш, шунингдек, ушбу халқаро ташкилотга аъзо мамлакатлар билан олиб борилаётган музокаралар суръати қайд этилди.

Миллий қонунчиликни ЖСТ меъёрлари ва қоидаларига уйғунлаштириш, жумладан, экспорт субсидияларини бекор қилиш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, халқаро савдони тартибга солиш масалаларида ўзбекистонлик мутахассислар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокараларни якунлаш ва яқин йилларда Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид