Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
Украина ва Гуржистонга НАТО аъзолигига номзод мақомини беришни истамаганини эслатган Меркел, янги аъзоларнинг қабул қилиниши иттифоқ учун хавфсизликни англатиши кераклигини таъкидлади.
«Озодлик» (Freiheit) — Германия собиқ канцлери Ангела Меркелнинг 26 ноябр куни китоб дўконларида пайдо бўладиган мемуари номи. Die Zeit газетаси 21 ноябр, пайшанба куни ушбу китобдан парчаларни чоп этди.
Китобнинг муҳим мавзуларидан бири — Меркел 16 йил давомида бошқарган Германия ҳукуматининг Россияга нисбатан сиёсати. Бугунги кунда бу курс ҳатто собиқ канцлер партияси, Христиан-демократик иттифоқда ҳам танқид қилинади. Айримлар Меркелни Москвани тинчлантиришга уринаётганликда айблаб, агар 2008 йилда Украина ва Гуржистон НАТОга расмий номзод мақомини олганида, 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб киришининг олдини олиш мумкин эди, деб тахмин қилмоқда.
Меркел Украина учун НАТОга номзодлик мақомига қарши эди
Ўшанда Берлин Россиянинг ўз хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларини қондирди ҳамда Гуржистон ва Украинага НАТОга номзод мақомини бериш ғоясини қўллаб-қувватламади. Ангела Меркел ўз хотираларида бугунги кунда ҳам бу қарорни нотўғри деб ҳисобламаслигини аниқ таъкидлайди.
Унинг таъкидлашича, Марказий ва Шарқий Европа давлатларининг НАТОга имкон қадар тезроқ қўшилиш истагини тушунган: «Ахир, совуқ уруш тугаганидан кейин улар Ғарб ҳамжамиятининг бир қисми бўлишни хоҳлашди». Бироқ, ҳар бир янги кенгайиш билан НАТО ва унинг аъзолари алянс учун оқибатларни — «унинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва ишлаш қобилиятини» баҳолашлари керак эди. «Янги аъзони қабул қилиш нафақат унинг, балки НАТОнинг хавфсизлигини оширишни англатиши керак», деб тушунтиради сиёсатчи.
Украина мисолида алоҳида ҳолат бор эди — Қримда Россия Қора денгиз флотининг мавжудлиги. «Бундан ташқари, ўша пайтда Украина аҳолиси орасида фақат озчилик мамлакатнинг НАТОга қўшилиши тарафдори эди», деб эслайди Меркел. Унинг таъкидлашича, у НАТОга номзод мақоми «Украина ва Гуржистонни Путиннинг агрессиясидан ҳимоя қилади, яъни шундай тўхтатувчи таъсир кўрсатадики, Путин ҳеч нарса қилмасдан, нима бўлаётганини шунчаки кузатиб боради» деган фикрни «хомхаёл» деб билади.
Шу билан бирга, Гуржистон ва Украинага келажакда НАТО аъзолиги бўйича умумий келишув ваъда қилингани Путин томонидан «ҳар икки давлатнинг НАТОга қабул қилинишига розилик» сифатида қабул қилинган, деб ёзади Меркел. Шундай қилиб, унинг Россия билан келажакдаги кескинлик ҳақидаги хавотирлари «Бухарестда камаймади», деб эслайди собиқ канцлер.
Мавзуга оид
11:54 / 17.12.2024
Германияда mpox вирусининг хавфли штамми билан касалланганлар аниқланди
21:27 / 16.12.2024
Бундестаг Олаф Шолцнинг сўровига биноан унинг ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилди
16:14 / 14.12.2024
ОАВ: Германия узра РФ ҳарбий дронлари учиб ўтган бўлиши мумкин
15:21 / 14.12.2024