Ўзбекистон | 11:20 / 22.11.2024
17771
8 дақиқада ўқилади

“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда

Бир неча ой аввал шохобчаларда 4 минг сўмдан сотилган пропан ҳозирга келиб 8 минг сўмгача кўтарилиб кетди. Нархнинг бу қадар кескин ўсиши аҳолига қандай таъсир кўрсатяпти? Kun.uz ушбу масала юзасидан фарғоналик ҳайдовчилар фикри билан қизиқди.

Пропан нархи охирги 5 ой ичида қарийб икки баробарга қимматлашди. Айни кунларда Фарғонадаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида тақчиллик фонида пропан 7 200 сўмдан 8 минг сўмгача сотилмоқда.

Пропан осмонда...

“Кун иссиғида арзон бўлган пропан нархи ҳаво совигандан кейин кўтарилиб кетди. Аввал метанда юрардим, кейин эса пропанга ўтдим, машина моторини ҳам пропанга мослаганман. Пропанга ўтганимдан бери ҳар сафар заправкага келсам, нарх ўзгараверади: беш юз сўмга, минг сўмга ошади. Бу ҳолатни ким кўриб чиқади, ким жавоб беради?

Ботирбек Мамажонов

Мисол учун, нарх етти ярим минг сўм бўлди, айрим заправкаларда 8 минг сўмдан сотиляпти. Лекин бу ҳақда ҳеч ким гапирмайди. Тирикчилик шу машинамдан, менга ошган ҳар 100 сўм ҳам сезилади.

Бир неча кун аввал 100 минг сўмга 16-17 та (литр) қуяётган бўлсам, ҳозир 100 мингга 15 та ҳам қуёлмайсиз-да. Қанча депутатларга овоз бердик, сайладик, энди эса улар қорасини ҳам кўрсатмайди. Нима учун бундай муаммоларни ечишмаяпти?”, – дейди Ботирбек Мамажонов.

Таксида юриш арзон тушяпти...

“Охирги ойларда муаммо гирдобида қолдик. Машина сотиб олганимда пропан ўрнатилганига хурсанд бўлган эдим, чунки қишда навбат камроқ бўлади. Болаларни боғчадан олиб келиш, ишга қатнашни ҳисобга олсак, таксида юриш арзон тушяпти, умуман қопламаяпти. Биз ҳайдовчилар азият чекяпмиз.

Тоҳирбек Нўъмонов

Ўзи миниб юрган машинамиз қиммат, шунга яраша ёнилғи нархи арзон бўлиши керак-ку. Авваллари 2,8-3 минг сўм ҳисобланарди, тўлдириб кетардим. Ҳозир тенг баравардан ҳам қимматлашди”, – Тоҳирбек Нўъмонов.

Қирғизистонга ўтиб қуйиб келишяпти...

“Ҳозиргина 7,5 минг сўмдан қуйиб чиқдим, бир-икки ҳафта ичида 6-6,5 минг эди нархлар. Қишларда метанда навбат кутавериб безиб кетганимиздан пропанга ўтган эдик, энди эса пропан нархи ҳам метан нархига етиб қолди. Энди нима қилишга ҳам ҳайронмиз.

Сайдулло Мирзамиддинов

Бунга тегишли мутасаддилар чора кўриб, бир нарса қилиб бериши керак. Нарх-навони тушириб бериб, халққа фойдаси тегадиган даражада қилиб. Тахминан 6 минг сўмлигида қуйганимда 300 минг сўмга бўларди, ҳозир эса 7,5-8 минг, ҳар хил, ҳамма жойда ҳар хил бўлиб қолган-да нарх. Ҳозир ҳисобласак тўрт юз мингга бориб қолади-да бир тўлдиришим. Бизга нисбатан анча арзон экан, деб Қирғизистондан ўтиб қуйиб келишяпти.

Кечагина танишим билан гаплашсам, Қирғиздан қуйиб келдим деди. Қирғизистон чегарасидан ўтиб, бош оғриқлари билан бориб келгандан кўра тинчгина шу ерда қуйиб юрганим яхши-да.

Агар иложи бўлса шу пропан нархини ҳал қилиб, халққа фойдаси тегадиган, манфаатли қилиб нархини тушириб беришса ҳам яхши бўларди”, дейди Сайдулло Мирзамиддинов.

Инсофни катталарига берсин...

“Аввал нарх 4,4 минг сўм эди ҳозир эса пропанлар жойига қараб 8 минг сўмгача сотиляпти. Нархлар қиммат, ундан кўра бензинда юрган яхши бўлиб қолди. Бугун-эрта метан нархи ҳам кўтарилади дейишяпти. Метан ошса пропан ҳам ошади.

Сайфулло Мадазимов

Нархни тушириб беришса яхши бўларди. Бошқа давлатларда эшитамиз, пропан ва бензин нархлари анча арзон, бизда эса борган сари қимматлашмоқда. Қор ёғса, яна нарх кўтарилади. Айни кунларда заправка қилсангиз, уч юз минг сўм бўляпти; тўрт юз километр юрасиз-да. Бензинга ўтамиз энди, иложи йўқ. Инсофни катталарига берсин”, – дейди Сайфулло Мадазимов.

Нархлар биржага боғлиқ...

“Нархлар фақат биржа билан белгиланади, биржада нархи ошиб кетгани сабабли 8 минг сўмдан сотяпмиз. Паст нарх келиб қолса, нархлар ўз-ўзидан тушади. Нарх ошганига энди уч-тўрт кун бўлиб қолди”, – дейди газ қуйиш шохобчаси ходими Музаффар Алиев.

Музаффар Алиев

Нарх қулайди...

“Сўнгги ойларда пропан маҳсулоти нархларининг кўтарилиши кузатилмоқда. Таҳлилларимизга кўра, республика миқёсида шундай ҳолат кузатилмоқда ва Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармалари томонидан таҳлил қилинганда, ҳақиқатан сўнгги ойларда маҳсулотнинг таклифга нисбатан талаби юқори бўлиб кетганлиги кўринмоқда.

Иқболжон Марасулов, Рақобат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси

Масалан, сентябр ойида биржа савдоларига қўйилган маҳсулотга нисбатан уч баравар кўп талаб шаклланган. Худди шу каби, октябр ойида деярли икки баравар таклифга нисбатан талаб юқори бўлган. Бу, ўз навбатида, биржада маҳсулот бошланғич нархига нисбатан сезиларли кўтарилишига олиб келяпти. Биржада юқори нархда харид қилгандан кейин, тадбиркорлар томонидан ҳам чакана савдода маҳсулот нархи ошишига ўз таъсирини кўрсатяпти.

Вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарларига мутахассислар бириктирилган. Кунлик пропан маҳсулотининг нархлари шакллантириб борилади, жойига чиққан ҳолда ўрганиб борилади. Қайси тадбиркорлик субъектида қанча пулдан сотилаётгани ўз навбатида тадбиркорлик субъекти қанчадан сотиб олганлиги тўғрисидаги маълумотлар жамланиб, таҳлил қилиб борилади. Бу маълумотлар кунлик қўмитага тақдим этилади.

Бу борада рақобат тўғрисидаги қонунчилик, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича назорат ишлари олиб борилади. Бугунги кунда пропан маҳсулотининг нархлари биржада шаклланганидан келиб чиқиб белгиланади. Шундай бўлса-да, тадбиркорлар ўртасида ўзаро келишилган ҳаракатларнинг олдини олиш ёки маҳсулотга сунъий тақчиллик яратиш ҳолатларини олдини олиш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан бевосита учрашувлар ўтказиб келяпмиз, тушунтириш ишлари ҳам олиб бориляпти. Лозим бўлганда огоҳлантириш хатлари берилади.

6 ноябр санасидан бошлаб, биржада пропан маҳсулотининг бошланғич нархига нисбатан ўсишнинг юқори чегараси белгиланди. Таҳлилларимизга кўра, бу ўз самарасини беришни бошлади. Мисол учун, биринчи ноябр куни бешинчи ноябргача бўлган санада бир тонна пропан маҳсулотининг нархи 9,5-10 миллион сўм атрофида бўлган бўлса, олтинчи ноябрдан бошлаб бир тонна маҳсулот учун 8,9-9 миллион атрофида нархлар шаклланди. Бу ўз навбатида харидорлар сотиб олгандан кейин чакана сотишда ҳам нархларни туширишга ўз таъсирини кўрсатади.

Сотиб олинган маҳсулотнинг ўзини ҳисоб-китобини қилади. Масалан, бир тонна маҳсулот литрга айлантирилганда 1,7 коэффициент қўлланади. Бугунги кунда об-ҳаво ҳароратига қараб бу нарса ўзгариб туради. Бундан ташқари, ўзининг акциз солиқларини тўлайди. Тадбиркорлар томонидан ўзининг бошқа харажатларини қўшган ҳолда нарх белгиланади. Биржада ўн тўрт кун олиб борилган таҳлилларимизга кўра, чакана савдода ҳам аста-секин нарх тушиши кузатилмоқда. Бугунги ўрганишларимизда Фарғона шаҳрида бир литр пропан маҳсулоти 7 минг сўмдан 7,5 минг сўмгача сотилмоқда”, – дейди Рақобат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Иқболжон Марасулов.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид