Фан-техника | 18:04 / 23.11.2024
1984
2 дақиқада ўқилади

Apple Siri овозли ёрдамчисини ChatGPTнинг рақобатчисига айлантирмоқчи

Apple сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда Siri’нинг янги версиясини яратмоқда. Унинг асосини улкан тил модели ташкил этиб, анча табиий диалог олиб боришга қодир бўлади.

Фото: Victor J. Blue/Bloomberg

Apple сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда Siri’нинг янги версиясини яратмоқда. Ишчи номи LLM Siri бўлган лойиҳа келажакда OpenAI компаниясининг ChatGPT сунъий интеллект чатботига рақобат қилиши мумкин, деб хабар беради Bloomberg.

Қайд этилишича, янгиланган овозли ёрдамчининг тақдимоти 2025 йилга режалаштирилган, фойдаланувчиларга эса у 2026 йил баҳорда тақдим этилади.

Siri’нинг асосини улкан тил модели (LLM) ташкил этиб, у анча табиий диалог олиб боришга ва мураккаб масалаларни ечишга қодир. Ушбу модел аниқроқ жавоб қайтариш учун улкан катта миқдордаги маълумотларни таҳлил қилади. Истиқболда янги Siri ҳозирда Apple қурилмаларига ўрнатилган овозли ёрдамчи интерфейси ўрнини бутунлай эгаллаши мумкин.

Apple, шунингдек, iPhone, iPad ва Mac учун алоҳида илова кўринишида дастурий таъминотни тест қилмоқда. Манбаларнинг сўзларига кўра, LLM Siri функцияси iOS ва MacOS’нинг келажакдаги версияларига мунтазам қўшиб борилади. Аммо 2024 йил ёзида тақдим этилган Apple Intelligence платформасидаги каби янгиланиш босқичма-босқич амалга оширилади ва барча фойдаланувчилар ундан бирданига фойдалана олмайди.

Янги Siri фойдаланувчилар маълумотларини таҳлил қилиш ҳисобига сўровлар мазмунини яхшироқ тушуна олади. Шу билан бирга дастурчилар махфийликнинг юқори даражасини таъминлашга ваъда бермоқда.

Ҳозирда компания овозли ёрдамчи устида ишлаш учун мутахассисларни фаол қидирмоқда. Apple янгиланган ёрдамчи ChatGPT ва Google Gemini’га нафақат етиб олиш, балки улардан ўтиб кетишига умид қилмоқда.

Мавзуга оид