ДТЭК ЕТТБнинг компанияни молиялаштиришдан бош тортганига изоҳ берди
Украина энергетика оператори ЕТТБ президентининг банкнинг Ринат Ахметов тузилмаларига кредит беришни истамаслиги ҳақидаги изоҳларидан «ҳафсаласи ип бўлди». Компаниянинг таъкидлашича, унинг акциядори «қатъий равишда олигарх ҳисобланмайди».
Украинанинг ДТЭК электр энергияси оператори Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) бизнесмен Ринат Ахметовнинг унга таъсири туфайли компанияни молиялашдан бош тортгани ҳақидаги баёнотига изоҳ берди. «ДТЭК гуруҳи ЕТТБ раҳбарининг компания ва унинг акциядори ҳақидаги ёлғон маълумотлардан иборат изоҳларидан ҳафсаласи пир бўлди», — дейилади компаниянинг 26 ноябр, сешанба куни эълон қилинган баёнотида.
Компаниянинг таъкидлашича, Украина учун муҳим электр энергиясининг 12 фоизини ишлаб чиқарадиган ДТЭК на Украина, на Европа қонунларига кўра монополист эмас. «Европа комиссияси билан келишилган олигархияга қарши қонун қабул қилинганидан кейин компания акциядори мутлақо олигарх ҳисобланмайди», — дейилади баёнотда. Шунингдек, ДТЭК ғарб ҳамкорлари билан Россия томонидан вайрон қилинган инфратузилмани тиклаш ва Украина энергетика тизимини Европа тизимига интеграциялаш бўйича иш олиб бораётгани қайд этилган.
Бир кун аввал оператор АҚШ ҳукумати ва Еврокомиссия ДТЭК'га Россия зарбалари натижасида вайрон бўлган қувватларни тиклаш ва электр станцияларини қишга тайёрлаш учун 106,6 миллион евро миқдорида ёрдам беришини маълум қилган эди. ДТЭК таъкидлашича, ҳар қандай молиявий ёрдам олишда компания «коррупцияга қарши қатъий бўлади ва шаффофлик чораларига риоя қилади».
Компаниянинг расмий веб-сайтида «ДТЭК гуруҳи 100 фоизга SCM Limited компаниясига тегишли. Якуний бенефициар Ринат Ахметов» деб ёзилган.
ЕТТБ Украинанинг ДТЭК энергооператорини молиялаштирмайди
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Россия армияси томонидан ўққа тутиш оқибатида мамлакат энергетика соҳасида юзага келган оғир вазиятга қарамай, Украинанинг ДТЭК электр операторига ёрдам бермайди. Бу ҳақда Италиянинг Corriere della Sera нашри 24 ноябр куни ЕТТБ президенти Одил Рено-Бассога таяниб ёзмоқда.
Рено-Бассонинг сўзларига кўра, банкнинг бундай қарори маҳаллий олигархларга тегишли Украина компанияларига ёрдам беришни истамаслик билан боғлиқ. ДТЭК эгаси эса Украинанинг энг бой одами Ринат Ахметов бўлиб, унинг бойлиги камида тўрт миллиард долларга баҳоланади.
«Иқтисодиётни олигархлар таъсиридан озод қилиш мақсади мутлақо фундаменталдир ва биз бу борада жуда қатъий нуқтайи назарга эгамиз: бу Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотларнинг бир қисмидир», — дейди банк президенти.
Унинг қўшимча қилишича, бу масалада муросага келиш «узоқ муддатда мамлакат истиқболига путур етказади». Унинг фикрича, вазиятни ўзгартириш учун Ахметовнинг компания устидан назоратини заифлаштириш мақсадида «кенгроқ ислоҳотлар» ва «тузилмани ўзгартириш» керак. «Уруш пайтида олигархларнинг роли заифлашди, аммо ундан кейин ҳамма нарса бошқача бўлиши мумкин», дея қўшимча қилди у.
ЕТТБ Европа институти бўлмаса-да, унинг акциядорлари қаторига Европа Иттифоқи, унинг барча аъзолари ва Европа инвестиция банки киради.
Мавзуга оид
21:39 / 27.11.2024
Самарқандда трамвайнинг 3-йўналиши очилиши мумкин
11:51 / 25.11.2024
ЕТТБ Украинанинг ДТЭК энергооператорини молиялаштирмайди
07:53 / 30.08.2024
ЕТТБ Ўзбекистонда қайта тикланадиган водород ишлаб чиқариш учун маблағ ажратади
18:48 / 24.05.2024