Кимёгарлар терини қуёшдан ҳимоя қилишнинг янги усулини топди
Янги усулда инсон терисининг юқори қатламида мавжуд бўлган моддадан фойдаланилади. Бу модда узоқ вақт олимлар учун жумбоқ бўлиб келган.
Амстердам ва Уорик университетлари тадқиқотчилари уроканик кислота ҳамда унинг ҳосилаларини қуёшдан ҳимояловчи фильтрларнинг янги туркуми сифатида қўллашни таклиф қилди. Бу табиий модда терида мавжуд бўлиб, ултрабинафша нурларни ютади. Таклифни амалга ошириш муҳим, чунки ҳозирда ишлатилаётган синтетик маҳсулотлар соғлиқ ва табиат учун зарарли, деб хабар берди Phys.org.
Табиий ҳимояловчи модда терининг юқори қатламларида жойлашган. У UVA ва UVB нурланишларнинг ҳар иккаласини ҳам нейтраллаштиради. Бироқ унинг қуёшдан ҳимоя қилиш коэффитсиэнти (SPF) атиги 1,58 ни ташкил этади — бу синтетик моддаларга нисбатан анча паст кўрсаткич. Бундан ташқари, ултрабинафша нурлар таъсирида уроканин кислота молекуласи иммунитетига зарар етказадиган фотокимёвий ўзгаришларга учрайди.
Ушбу компонентни косметикада ишлатиб бўлмайди, деб ўйлаш мумкин. Бироқ олимлар унда катта потенциал борлигини ишонч билан айтмоқда. Гуруҳ уроканин кислотасининг ҳам молекулаларда, ҳам эритмаларда ёруғликни ютиш, “қуёшни тўсиш” хусусиятларини ўрганиб чиқди. Аввалига улар изоляцияланган молекулаларнинг лазер спектроскопиясини ўтказиб, уни квант-кимёвий ҳисоб-китоблар билан тўлдирди. Бу таҳлил модданинг ультрабинафша нур билан қандай таъсирлашишини ва молекулани ўзгартириш орқали буни қай тарзда оптималлаштиришни тушунишга имкон берди.
Моддаларнинг реал шароитга яқин ҳолатлардаги хатти-ҳаракатларини ўрганиш мақсадида, жамоа органик эритувчилар ва сувли эритмаларда тадқиқот ўтказди. Улар фемтосекунддан соатларгача вақт оралиғида 18 та жараённи ўз ичига олган юқори аниқликдаги спектроскопия усулини қўллади. Маълум бўлишича, фотокимёвий ва фотофизик хусусиятларни нафақат молекулаларни ўзгартириш орқали, балки қўлланадиган эритувчилар ёрдамида ҳам созлаш мумкин.
Бундан ташқари, олимлар “тоза” уроканин кислотасининг иммунитетга салбий таъсирини камайтирадиган барқарор ҳосилаларни ҳам аниқлади. Бу қуёшдан ҳимояловчи воситаларнинг потенциал таркибларини такомиллаштиришга йўл очади. Олимларнинг фикрича, ушбу модда соғлиқ ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган синтетик филтрлар ўрнини босиши мумкин.
Мавзуга оид
16:31 / 16.12.2024
Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди
10:50 / 04.12.2024
Олимлар спиртдан ёнилғи оладиган мини-роботларни ихтиро қилди
18:17 / 23.11.2024
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
16:56 / 11.11.2024