Ўзбекистон | 21:39 / 27.11.2024
7378
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда трамвайнинг 3-йўналиши очилиши мумкин

Самарқанд шаҳрида темирйўл вокзалидан Кимёгарлар қўрғонигача янги трамвай йўналиши очилиши ва бу йўналишга 14 та замонавий трамвай вагонлари харид қилиниши режалаштирилган.

Фото: Транспорт вазирлиги

Бу борада Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Самарқанд МТРК” телеканалида маълум қилинди.

Қайд этилишича, ҳозирда Самарқанд вилоят транспорт бошқармасининг Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекциясида 20 та трамвай вагонлари мавжуд. Улар иккита йўналишда (Темирйўл вокзали – Сартепа маскани; Темирйўл вокзали – Сиёб бозори) йўловчи ташимоқда.

2023 йилда Самарқанд Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг “Яшил шаҳарлар” дастурига қўшилган биринчи шаҳар бўлганди. Ўша йили Самарқанд мезбонлигида ўтган банк бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишида Ўзбекистон ҳукумати ва ЕТТБ ўртасида Самарқанд шаҳрида электробуслар қатновини йўлга қўйиш учун 49 млн долларгача миқдорда суверен кредит ажратиш тўғрисида битим имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида трамвай қатнови 2017 йилдан йўлга қўйилган.

Мавзуга оид