Ўзбекистон | 13:39 / 28.11.2024
14445
4 дақиқада ўқилади

Ўзгидромет қишки об-ҳаво прогнозларини эълон қилишни кечиктиряпти(ми?)

2 кундан кейин қиш бошланади. Ўзгидромет агентлиги ҳали 2024/2025 йилнинг қиш мавсуми учун прогнозларини эълон қилмади. Ўтган йили қишки тавсия шаклидаги прогнозлар октябр ойи бошида эълон қилинганди.

Фото: Kun.uz

Бугун, 28 ноябр, қиш кириб келишига 2 кун қолди. Ўтган йилгидан фарқли равишда, кириб келаётган қиш мавсуми учун об-ҳаво прогнозлари эълон қилингани йўқ. 2023/2024 йилнинг қиши қандай ўтиши ҳақида ўтган йили анча барвақт маълумот тақдим этилган, аниқроғи 2023 йилнинг 5 октябрида АОКАда ўтган матбуот анжуманида Ўзгидромет агентлиги вакиллари бу ҳақида ахборот берганди.

Kun.uz 2024/2025 йил қишида ўзбекистонликларни қандай об-ҳаво кутаётгани ҳақида маълумот олиш учун агентликка бир неча бор сўров юборди. Бироқ агентлик матбуот хизмати маълумотлар аввало ҳукуматга тақдим этилиши, прогнозларни эълон қилиш вақт олишини маълум қилди.

“Бундан ташқари, прогноз тахминий бўлгани билан, бутун бошли инфратузилма ва иқтисодий тармоқ учун муҳим ҳисобланади. Шуларни ҳисобга олиб, аниқроқ тузишга ҳаракат қилинади. Об-ҳаво шароитлари эса ҳар кунлик, ҳатто соатлик ўзгариш хусусиятига эга”, – деди масъул.

Маълумот учун, Ўзгидромет эълон қилган ҳафталик маълумотларга кўра, 1 декабр куни водий вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда қор ёғиши мумкин.

Қиш фаслининг қандай ўтиши ҳақида тахминий маълумотлар йўқ. Бироқ яқинда декабр ойининг қандай ўтиши ҳақида иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ўзининг шахсий ўрганишларини Gazeta.uz’га маълум қилганди. Унда айтилишича, декабр ойида ҳаво ҳарорати тунги вақтларда барқарор нол даражага яқин бўлиши, шимолдан тўсатдан совуқ ҳаво массаларининг чуқур кириб келиши кузатилиши мумкин. Шунингдек, ҳавода нисбий намликнинг мавсумий ошиши ортидан вирус ва бактерияларнинг фаоллашуви, турли ҳаво оқимлари тез ўрин алмашиши, атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгаришининг оқибатлари соғлиқни сақлаш тизимига ҳам юкламани кўпайтириши мумкинлиги айтилган.

“Ўзбекистонда декабр сўнгги йилларда бироз илиқ келяпти. Сўнгги 5−8 йилликдаги декабрларда жуда кам қор ёғгани ҳам бунга бир далил. 2024 йил декабрида ҳам мамлакатда эҳтимолий ойлик ҳарорат меъёр даражасида ва ундан бироз юқори бўлишини тахмин қилиш мумкин. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон синоптиклари ҳам Ўзбекистонда йил охирида кўп йиллик белгиланган меъёр ёки ундан бироз юқорироқ ҳарорат — «илиқроқ» декабр кузатилишини тахмин қилган.

Қолаверса, Эл-Нино ва Ла-Ниня ҳодисаларини кузатиш усули ҳам декабр илиқроқ келиши ҳақида хулоса чиқаришга ундайди. Аммо Қозоғистонда ойнинг биринчи ярмида эҳтимолий совуқ антициклон марказининг ўтиши ва мамлакатнинг айрим минтақаларида ҳаво ҳарорати -37 даражагача совиб кетиши ҳам инобатга олинадиган бўлса, реалликда ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин.

Ўзгидромет декабр ойида кутилаётган об-ҳаво прогнозини ҳали эълон қилганича йўқ. Шундай экан, ҳозирча Ўзбекистонда декабрда кутилаётган об-ҳаво прогнозини ҳаво ҳарорати неча даражагача ўзгариб кетади деб эмас, балки ойлик ҳарорат ва ёғиннинг иқлимий меъёрдан четланишларини илмий нуқтаи назардан шарҳлаш мумкин”, – деб ёзган иқлимшунос.

Эслатиб ўтамиз, қиш ойининг совуқ келиши 2023 йилда Тошкент шаҳри ҳавоси сифатига жиддий таъсир кўрсатган эди. Минглаб ташкилотлар газ ўрнига кўмир ва мазутга ўтгани сабаб, шаҳарда заҳарли ҳаво қиш давомида такрорланиб турганди. 

Мавзуга оид