Ўзбекистон | 17:31 / 28.11.2024
3611
4 дақиқада ўқилади

Президентга ижтимоий ва диний соҳалардаги ишлар бўйича ахборот берилди

Йиғилишда мамлакатдаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябр куни ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда диний маърифатни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида йиғилиш ўтказди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Конституцияда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган. Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити ҳукм сурмоқда. Барча дин вакиллари ибодат амалларини эркин адо этмоқда. Охирги беш йилда диний-маърифий соҳага оид 3 та қонун, 4 та Президент фармони ва кўплаб қарорлар қабул қилинди. Йиғилишда уларнинг ижроси дин вакилларига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Хусусан, мусулмонлар учун шароитларни яхшилаш мақсадида 100 дан ортиқ масжид барпо этилди, 555 таси таъмирланди. Диний ташкилотлар учун бино қурилишига ер ажратиш тартиби жорий қилинди.

Ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра оширилди. Сўнгги етти йилда 60 мингдан зиёд ўзбекистонлик Ҳаж амалларини бажарди. Умра сафарларини ташкил қилиш қонуний тартибга солинди.

Соҳада малака ва илм масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий-тадқиқотларга замин бўлмоқда. Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ўрта махсус таълим муассасасида малакали мутахассислар тайёрланяпти. Шунингдек, 30 минг фуқаро «Қуръони карим ва тажвид» курсларини тамомлади.

Сўнгги йилларда Абу Исо Термизий, Абу Муин Насафий, Султон Увайс Қараний, Сузук ота ёдгорлик мажмуалари обод қилинди. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказида бунёдкорлик давом этмоқда. «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 90 та зиёратгоҳ таъмирланиб, ободонлаштирилди.

Ислом маърифатини кенг ёйиш ва тажриба алмашиш мақсадида халқаро алоқалар ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, бу йил юртимизда «Ислом – эзгулик ва тинчлик дини» ҳамда «Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни» мавзуларида халқаро илмий-амалий анжуманлар, Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилди.

Маълумки, бугун кибермаконда хавф-хатарлар кучайиб бормоқда. Чегаралар ва қонунларни тан олмайдиган интернет тармоқлари орқали радикал ғоялар ҳам кириб келмоқда. Бунинг оқибатида аҳолининг нисбатан заиф қатламлари, жумладан, ёшлар турли ноқонуний гуруҳлар таъсирига тушиб қолаётгани афсусланарли. Бутун жамоатчилик бундан огоҳ бўлиши, уламолар ва кексалар тўғри йўлни кўрсатиши керак.

Қўқон ва Марғилон шаҳарлари тажрибаси асосида маҳаллаларда «Оқсоқоллар ва ота-оналар кенгаши» тузилгани бунда муҳим ўрин тутмоқда. Ҳожиларнинг «Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз» деган ташаббуси ҳам ижтимоий вазиятни яхшилашда ижобий қадам бўлгани таъкидланмоқда.

Бундай хайрли ишларни давом эттириб, маҳаллаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни илм-у ҳунарга чорлаш муҳимлиги айтилди. Мутасаддиларга ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни жамиятга қайта мослаштириш, бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Мамлакатдаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

Мавзуга оид