Жаҳон | 12:33 / 29.11.2024
3784
2 дақиқада ўқилади

Путин Шолц билан яна телефонда гаплашиши мумкинлигини билдирди

Кремл раҳбарининг сўзларига кўра, у ва Германия канцлери ўртасидаги телефон суҳбати яқинлашувга олиб келмаган, аммо суҳбат барибир такрорланиши мумкин. Россия Федерацияси Ғарб етакчилари билан фақат ўз шартлари асосида музокара олиб боришга тайёр, деди Путин Остонада.

Фото: Ramil Sitdikov/AP Photo/picture alliance

Россия президенти Владимир Путиннинг фикрича, 15 ноябр куни у ва Германия канцлери Олаф Шолц ўртасидаги телефон мулоқоти яқинлашувга олиб келмади, лекин суҳбат барибир такрорланиши мумкин. Бу ҳақда Путин 28 октябр, пайшанба куни Остонада бўлиб ўтган КХШТ саммитининг якуний матбуот анжуманида маълум қилди.

«Аммо бу ерда у учун ҳам, мен учун ҳам ғайриоддий нарса йўқ эди — у ўз позициясини тушунтирди ва биз бу масалада (Украинадаги уруш ҳақида) ўз фикримизда қолдик, - деди президент. - Аммо умуман олганда, менимча, келажакда мулоқот бўлиши мумкин».

Путиннинг таъкидлашича, Россия Ғарб етакчилари билан музокаралар олиб бориш ва Украина билан келишувга эришишга тайёр. Бироқ, музокаралар фақат у июн ойида эълон қилган шартлар асосида ўтиши мумкин. Кремл раҳбари ҳамон Украина қўшинлари Украинанинг тўртта области бутун ҳудудидан олиб чиқилишини ва Киевнинг НАТОга қўшилишдан бош тортишини истамоқда.

Шолц: Путиннинг Украинадаги уруш ҳақидаги қарашлари ўзгармади

Германия канцлери Олаф Шолц Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида Украинадаги уруш бўйича қарашларида ҳеч қандай ўзгариш кўрмади. 17 ноябр куни Берлин аэропортида матбуотга берган интервюсида Шолц: «Суҳбат жуда батафсил бўлиб ўтди, аммо бу Россия президентининг уруш ҳақидаги қарашларида жуда оз нарса ўзгарганини англаб етишга имкон яратди ва бу унчалик яхши хабар эмас», деди у Бразилиядаги G20 саммитига учишидан олдин.

Шу билан бирга, Германия ҳукумати раҳбари Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашдан бош тортиши ҳақидаги ҳар қандай иллюзияларни йўқ қилиш учун Путин билан гаплашиш зарурлигини таъкидлади. «Унга Германия, Европа ва дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватлов заифлашишига ишонмаслик кераклигини айтиш жуда муҳим», деди Шолц.

Мавзуга оид