Жаҳон | 13:15 / 30.11.2024
3706
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: РФ ҳарбийлари Беларусда украиналиклар учун лагер яратди

2022 йил баҳорида Россия ҳарбийлари Беларуснинг Наровля шаҳрида филтрация лагерини ташкил қилди ва у ерда украиналик асирларни қийноққа солди, деб ёзади мустақил матбуот «Киберпартизаны» ва The Reckoning Project билан ҳамкорликда.

Фото: Hanna Sokolova-Stekh/DW

2022 йилнинг баҳорида рус ҳарбийлари Беларуснинг Гомел области Наровля шаҳрида филтрация лагерини ташкил қилиб, у ерда украиналик асирларни қийноққа солган. Бу ҳақда 29 ноябр, жума куни мустақил матбуотда «Киберпартизаны» ва The Reckoning Project кўмагида чоп этилган «Схемы» лойиҳаси қўшма суриштирувида айтилади.

Сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилган журналистларнинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар Комсомолская кўчасидаги лагерда камида 2022 йил май ойининг бошигача қолган.

The Reckoning Project: РФ ҳарбийлари тинч аҳолини Наровляга олиб борган

The Reckoning Project нашрига кўра, россиялик ҳарбийлар тинч аҳолини, жумладан, вояга етмаганларни Наровляга етказган, ҳарбий асирлар ҳам у ерда сақланган.

2022 йил март ойи охирида россиялик ҳарбийлар томонидан асирга олинган ва Наровля шаҳрида сақланган Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси Богдан Лисенко у ерда қийноқлар қўлланганини даъво қилади: «У ерда тинч аҳолини калтаклашди. У ерда доимо қичқириқлар эшитиларди».

Юрист: Лукашенко масъулиятни зиммасига олиши керак

«Ушбу филтрацион лагерларини ваколатли давлат амалдорларисиз яратиш мумкин эмас, улар бунга розилик бериши керак, - деди юрист Юлия Полехина. - Одамлар калтакланган, қийноққа солинган ва тиббий ёрдам кўрсатилмаган бўлса, бу уруш жиноятидир», дея қўшимча қилди у Беларус раҳбари Александр Лукашенко жавобгарликни ўз зиммасига олиши кераклигига ишонч билдириб.

Лукашенконинг матбуот котиби Наталя Эйсмонт журналистларнинг сўровларига жавоб бермади.

Мавзуга оид