Ўзбекистон | 10:19 / 30.11.2024
2808
2 дақиқада ўқилади
Йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш тартиби тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унда қуйидагилар белгиланган:
- йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чораларини ташкил этиш тартиби;
- видеокузатув камералари, сигнализация тизимлари, ёнғин сигнализацияси, тез ёрдам чақириш тугмачалари ва овозли хабарнома воситалари каби хавфсизлик воситалари билан йирик бозорларни жиҳозлаш талаблари;
- жамоат тартибини ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича бўлимлар (идоравий хизматлар) ходимларининг (ҳарбий хизматчиларнинг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- объект маъмурияти, сотувчилар ва объектга келувчи шахсларнинг жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
Ҳужжатда Ўзбекистон ҳудудидаги йирик бозорларнинг тасдиқланган рўйхати ҳам келтирилган.
Йирик бозор – Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятлари томонидан белгиланадиган жойларда доимий ёки вақтинча фаолият юритувчи 300 ва ундан кўп доимий савдо нуқталари ва дўконлари бўлган мол-мулк мажмуаси.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 01.03.2025 йилдан кучга киради.